Тошкент вилоятида браконьерлар экология инспекторларига таҳдид қилиб, уларни чўктиришга урингани маълум бўлди
29 апрель куни Тошкент вилояти Экология бошқармаси Сирдарё сув ҳавзаси филиали инспекторлари томонидан Сирдарёнинг ўнг қирғоғида назорат тадбирлари ўтказилди. Шундай ҳолатлардан бирида инспекторлар браконьерлар ҳужумига учраган.
Инспекторлар Сирдарё дарёсининг Оққўрғон вилоятидан оқиб ўтувчи ҳудудида ўтказилган рейд давомида номаълум фуқаролар томонидан балиқ овлаш учун тўр ва моторли қайиқдан фойдаланган ҳолда ноқонуний балиқ овлаш фактини аниқлаган.
Бу ҳолатга чек қўйиш мақсадида Сирдарё сув ҳавзаси филиали бошлиғи Д.Зохидов ва бош давлат инспектори Т.Бўриев моторли қайиқда қонунбузарларнинг олдига борган, бироқ улар инспекторларга ҳужум қилиб, сувга итариб юборган.
Браконьерлар инспекторларни чўктириш учун резина қайиқни ёқиб юборишган. Бироқ бундай вазиятда ўзини қандай тутишни билган инспекторлар дарё қирғоғига сузиб кетишган. Буни кўрган ҳуқуқбузарлар воқеа жойидан қочиб кетган.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент вилояти прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шарҳлар