Тошкент вилоятида чўмилаётган аёлни калтаклаган бошқа бир аёлга нисбатан жиноят иши қўзғатилди
Тошкент вилоятининг Паркент туманида шу ерда истиқомат қилувчи аёл Қизилсойда чўмилаётган 34 ёшли бошқа бир аёлни ечинтириб калтаклаган. Ушбу ҳодиса бўйича жиноят иши қўзғатилди, деб ёзади Kun.uz нашри вилоят ИИБ матбуот хизматига таянган ҳолда.
Воқеа шу йилнинг 20 июль куни содир бўлган. Ўша куни 34 ёшли аёл Қизилсойда чўмилган. Сал ўтиб унинг олдига шу ерда истиқомат қилувчи бошқа бир аёл (1984 йилда туғилган) келган ва одамлар сойдан сув ичишини ва унда чўмилиш мумкин эмаслигини айтган.
Улар ўзаро жанжаллашиб қолган. Жанжал натижасида 37 ёшли маҳаллий аёл чўмилаётган аёлни ечинтирган ва калтаклаган.
Ички ишлар органларининг ходимлари ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 140 (ҳақоратлаш) ва 277 (безорилик) моддалари бўйича жиноят иши қўзғатган.
«Не молчи» (“Сукут сақлама”) лойиҳаси воқеани видеога олган операторга нисбатан иш қўзғатилмаганини қайд этади.
Шарҳлар