Тошкент вилоятида «Док-1 Макс»ни қабул қилишдан яна 9 нафар бола жабрланган
Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказининг Тошкент вилояти филиалига “Док-1 Макс” сиропи истеъмоли натижасида заҳарланиш белгилари билан 9 нафар бола олиб келинган. Бу ҳақда UzNews нашри вилоят маъмуриятининг матбуот хизматига таянган ҳолда ёзади.
Улардан 5 нафари соғайиб, уйига қайтарилган. 4 нафарининг аҳволи эса барқарор ҳолатда, уларга тегишли стандартлар асосида муолажалар давом эттирилмоқда.
Ҳокимликнинг қайд этишича, Тошкент вилоятидаги соғлиқни сақлаш муассасаларида шу пайтгача “Док-1 Макс” препаратидан заҳарланиш туфайли ўлим ҳолати кузатилмаган.
«Айни пайтда вилоятлардаги барча дорихоналар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг вакиллари ҳамда туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари ходимлари томонидан текширилмоқда, Quramax корхонасида ишлаб чиқарилган дори воситалари белгиланган тартибда дорихоналардан олиб қўйиляпти. Шифокор ва ҳамширалар уйма-уй юриб, аҳолига шифокорнинг рецептисиз дори-дармонларни қабул қилишнинг салбий оқибатларини тушунтирмоқда», — дейилади хабарда.
Шарҳлар