Тошкент вилоятида ИИБ ходимларининг автомобилидан сакраган фуқаро вафот этди
26 июль куни соат 01:30 атрофида Оққўрғон туманидаги автоювиш шохобчасида маҳаллий фуқаро маст ҳолатда жанжал чиқарди, дея хабар беради Тошкент вилояти прокуратурасининг матбуот хизмати.
Маҳаллий аҳоли ҳуқуқ-тартибот ходимларига қўнғироқ қилган, улар ҳуқуқбузарни қўлга олиб, тиббий кўрикдан ўтказиш учун Бўка туманидаги соғломлаштириш марказига олиб бориш мақсадида хизмат машинасига ўтқазган.
Бироқ автомобиль кетаётган чоғида орқа ўриндиқда ўтирган эркак эшикни очиб ўзини ташқарига отган. Бўка тумани тиббиёт бирлашмаси унга кўкаришлар, бош жароҳати, бурун синиши ва бошқа жароҳатлар ташхисини қўйди, шунингдек, спиртли ичимликлар билан заҳарланишни қайд этди.
Жарроҳлик аралашуви зарурлиги сабабли жабрланувчи Бекобод тумани марказий шифохонасига етказилган ва кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай, вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, одам ўлимига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилган. Милиция ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан ички тергов ўтказиш буюрилган. Тергов ишлари вилоят прокуратурасининг назоратида.
Шарҳлар