Тошкент вилоятида икки нафар ИИБ ходими қийноқларда гумон қилинмоқда, ҳибсга олинган шахс вафот этган

Источник: xs.uz

Тошкент вилояти Бўка туманида 36 ёшли фуқаро ИИБ ходимларининг ноқонуний сўроқ қилиши ва жароҳат етказиши оқибатида вафот этган, ходимларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда “Газета” нашри Ички ишлар вазирлигининг матбуот хизматига таянган ҳолда ёзади.

4 июнь куни туман ҳудудида бир қатор ўғрилик жиноятларини содир этишда гумонланиб, Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми билан қўзғатилган жиноят иши доирасида терговга жалб этилган, Юқори Чирчиқ туманида яшовчи 36 ёшли У.С. сўроқ қилинган. Жараён унинг ҳимоячиси Х.Юлдашева иштирокида туман ИИБ тергов хонасида видеоёзувга тўлиқ ёзиб олинган ҳолда амалга оширилган.

Гумонланувчи У.С. соат 19:00 да Жиноят процессуал кодексининг 227-моддаси билан процессуал тартибда ушланган ва туман ИИБдаги фуқароларни вақтинча сақлаш хонасига жойлаштирилган. Шу куни соат 23:30 атрофида гумонланувчи У.С.нинг соғлиғи ёмонлашгани сабабли тез-тиббий ёрдам хизмати чақиртирилган. Шифокорлар томонидан кўрсатилган муолажаларга қарамасдан, у касалхонада вафот этган.

Маълум бўлишича, гумонланувчи У.С. Жиноят қидирув бўлимининг тезкор ходимлари томонидан процессуал тартиб бузилган тарзда махсус сўров хонасига эмас, балки хизмат хонасига олиб чиқилиб, у билан бошқа жиноятга алоқадорлиги бўйича суриштирув ўтказилган. Жараёнда фуқаронинг соғлиғи ёмонлашиб, кейинчалик ўлим юз берган.

Тайинланган бирламчи суд-тиббий экспертизаси ташхисига кўра У.С.нинг танасида жароҳатлар борлиги аниқланган.

Ҳолат юзасидан ички ишлар вазири ўринбосари Яхёжон Абдулхаков, ИИВ Шахсий хавфсизлик хизмати ҳамда вилоят прокуратураси ходимларидан иборат ишчи гуруҳ воқеа жойига чиқиб вазият ўрганилган. Воқеа жойи кўздан кечирилиб, ишга алоқадор ходимларнинг кўрсатмалари олинган.

Ҳолат юзасидан Тошкент вилояти прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 235-моддаси (Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, воқеага алоқадор бўлган 2 нафар тезкор ходим Ж.Д. ва Ғ.Ш. ҳибсга олинган ва ички ишлар органлари тизимидан бўшатилган.

«Холис тергов ва текширувни таъминлаш мақсадида» ички ишлар вазирининг буйруғи билан хизмат вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашган Бўка тумани ИИБ бошлиғи А.Бабаханов, унинг биринчи ўринбосари В.Худайқулов, жиноят қидирув бўлими раҳбари Ж.Субанов, тергов бўлими бошлиғи Ж.Ачилов, шунингдек, навбатчилик қисми масъули Ш. Ибрагимов эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.

“Шахсга нисбатан қийноқ қўлланиши, зўравонлик ёки бошқа тарзда ғайриинсоний муносабатда бўлиши вазирлик томонидан қаттиқ қораланади ва бунга йўл қўйган барча ходимлар қонун олдида қатъий жавоб беради”, — дейилади ИИВ баёнотида.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.