Тошкент вилоятида «Кўмир таъминот» филиалининг раҳбари пора билан қўлга тушди
Давлат хавфсизлик хизмати Тошкент ва Самарқанд вилоятларида фирибгарлик ва порахўрлик ҳолатларининг олди олингани ҳақида хабар бермоқда.
“Кўмир таъминот” МЧЖ Тошкент вилоят филиали бошлиғи, муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ жиноят содир этганлиги учун судланган шахс мазкур корхонанинг ҳозирги кунда вакант ҳисобланган Сирдарё вилоят филиалига раҳбар сифатида ишга қабул қилинишида кўмаклашиш эвазига фуқародан 50 минг АҚШ доллари талаб қилган. У сўралган пул маблағини олаётган вақтида қўлга олинган.
Бошқа ҳолатда Тошкент шаҳрида яшовчи, муқаддам бир неча маротаба судланган, 1964 ва 1982 йилларда туғилган 2 нафар шахс фирибгарлик йўли билан қурилиш ишлари билан шуғулланувчи тадбиркордан 20 минг АҚШ долларини олган вақтларида ушланган. Маълум бўлишича, улар Самарқанд вилоятида жойлашган қишлоқ врачлик пунктлари ва поликлиникаларни жорий таъмирлаш учун Ҳукумат қарорлари асосида бюджет маблағлари ажратилишини айтиб, ўзларининг юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали 34 млрд сўмлик пудрат шартномасини тадбиркорга тегишли МЧЖга тўғридан тўғри олиб беришни ваъда қилишган. Кейинчалик эса мазкур пудрат шартномаси қийматидан 8 фоизини улуш сифатида беришини талаб қилишган.
Ҳозирда иккала ҳолат юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шарҳлар