Тошкент вилоятидаги археологик ёдгорлик ҳудудида ноқонуний қурилмалар аниқланди
Тошкент вилояти Қибрай туманидаги Бузгантепа (Бузган тепа) археология ёдгорлигига 5,6 миллиард сўм (515 минг доллардан ортиқ) зарар етказилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) нинг расмий Telegram-канали хабар берди, деб ёзади «Фергана» нашри.
Бузгантепа 16 асргача мавжуд бўлган аҳоли пункти қолдиқларидан иборат ёдгорликдир. Унинг ҳудудида ДХХнинг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси томонидан ўтказилган текшириш чоғида ноқонуний хўжалик иншоотлари – маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ва бошқа бинолар қурилгани аниқланган. Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 132- («Моддий маданий мерос объектларини нобуд қилиш, бузиш ёки уларга шикаст етказиш») ва 205 – («Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш») моддалари билан иш қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, Давлат хавфсизлик хизмати томонидан маданий мерос объектларига бепарволик билан муносабатда бўлиш ва давлат манфаатларига катта миқдорда зарар етказилиши билан боғлиқ бошқа бир қатор фактлар аниқланган.
Жумладан, 2020-2021 йиллари Маданият вазирлиги ҳузуридаги «Марказлашган инвестициялар ҳисобидан молиялаштирилувчи объектларни қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлаш бўйича буюртмачи хизмати» Давлат муассасаси ҳамда «Антиқа ва сифатли қурилиш» хусусий корхонаси ўртасида 2020-2021 йилларда Бўстонлиқ туманида жойлашган «Шайх Умар Вали Боғистоний» зиёратгоҳини таъмирлаш-тиклаш ишлари бўйича 1,7 млрд. сўмлик пудрат шартномаси имзоланган.
Лекин, буюртмачи хизмати Давлат муассасаси ва ХК мансабдор шахслари таъмирлаш ишлари бўйича тузилган ҳисоб-фактураларга сохта маълумотлар киритиб, ҳақиқатда бажарилмаган ишларни қўшиб ёзиш орқали 402,7 млн. (36,6 минг доллар) сўмлик бюджет маблағларини ноқонуний ўзлаштиришган. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят Кодексининг 167- («Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш») ва 209 — («Мансаб сохтакорлиги») моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Тошкент вилояти ҳокимлигининг «Ягона буюртмачи хизмати» ва TOSHMELIOQURILISH МЧЖ ҳам худди шундай схема бўйича иш олиб борган. Улар ўртасида тузилган шартномага кўра, бюджетдан ажратилган 309,107 миллион сўм (28,1 минг доллар) эвазига Қибрай вилоятидаги «Қиличли ота» зиёратгоҳи таъмирланиши керак эди. Аммо бу ишлар амалга ошмайди ва ҳар икки ташкилот мутасаддилари 263,2 миллион сўм (24 минг доллар) бюджет маблағларини ўзлаштирганликда айбланди. Уларга нисбатан Жиноят Кодексининг 167- («Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш») ва 228- («Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш») моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шарҳлар