Тошкент вилоятида болалар боғчасида заҳарланиб касалхонага ётқизилган болалар сони 30 нафарга етди
13 август куни Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманидаги 5 -мактабгача таълим муассасасининг яна беш нафар тарбияланувчисига заҳарланиш синдроми аломатлари аниқланди, болалар касалхонага ётқизилди. Шундай қилиб, мактабгача таълим муассасасининг ҳаммаси бўлиб 30 нафар тарбияланувчиси касалхонага ётқизилган. Бу ҳақда Мактабгача таълим вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Тўққиз нафар ўқувчи тор мутахассислар томонидан текширилгандан сўнг, яшаш жойидаги мутахассислар назорати остида қониқарли ҳолатда уйларига жавоб берилди.
21 тарбияланувчи тиббий муассасаларда даволанишни давом эттирмоқдалар, улардан бир бола ўта оғир аҳволда, бир бола оғир аҳволда, олти бола ўртача оғирликда, 13 боланинг аҳволи эса соғайишнинг ижобий динамикаси билан ўртача деб баҳоланмоқда.
Тарбияланувчиларнинг оммавий заҳарланиши фактлари бўйича Жиноят кодексининг 257-1-моддаси (санитария қонунчилигини ёки эпидемияга қарши курашиш қоидаларини бузиш) бўйича жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шарҳлар