Тошкентда 12 та янги автобус йўналишини очиш режалаштирилмоқда
Президент Шавкат Мирзиёев 6 июнь куни Тошкент ерусти ҳалқа метросининг иккинчи босқичи қурилишини бориб кўрди. жамоат транспорти билан яхши қамраб олинмаган маҳаллаларга 12 та янги автобус йўналиши очилиб, метро бекатлари билан боғланади. Шунингдек, Тошкент вилоятидан пойтахтга кириб келувчи 9 та катта йўлда тезкор автобус қатновлари ташкил этилади.
Тошкент давлат транспорт университети томонидан чет эллик экспертлар билан биргаликда, метрополитендан фойдаланиш даражасини ошириш чора-тадбирлари ишлаб чиқилган. Хусусан, қўшимча жамоат транспорти йўналишлари очиш ва уларни йўловчи кам метро бекатларига боғлаш, поездлар вагонини 5 та қилиш ва қатнов оралиғини қисқартириш каби чоралар кўзда тутилган.
Буларнинг натижасида метро ҳаракатининг таннархи, аҳолининг жамоат транспортига харажати ва кутиш вақти сезиларли қисқаради. Шаҳарга кириб келувчи енгил автомобиллар сони 97 мингтагача, магистрал кўчаларда тирбандлик 10 фоизгача камайиши мумкин.
Президентимиз бу таклифларни маъқуллаб, маҳаллалар аҳолисининг метрога келиб-кетиши учун қулайликлар яратиш, бекатлар ёнида авто ва велотураргоҳлар ташкил этиш муҳимлигини таъкидлади. Жамоат транспорти учун яна электробуслар олиб келиш ва уларга техник хизмат кўрсатувчи мутахассислар тайёрлаш, трамвай йўли қурилишини жадаллаштириш бўйича кўрсатмалар берди.
Шарҳлар