Тошкентда 21 ёшли талаба одам аъзолари билан савдо қилишга уринганлиги учун ҳукм қилинди
Тошкентда одам аъзолари билан савдо қилишга уриниш айби билан 21 ёшли талабага нисбатан ҳукм чиқарилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар беради.
Идора маълумотига кўра, судланувчи ижтимоий тармоқларда эълон жойлаштирган бўлиб, унда буйракни 38 минг доллар, жигарни 43 минг доллар, суяк илигини эса 23 минг долларга сотиб олишга тайёрлигини кўрсатган. Эълон чиққандан сўнг у билан аъзоларини сотишдан манфаатдор бўлган одамлар боғлана бошлаган. У потенциал сотувчиларга кўчириб ўтказиш учун Германияга бориш кераклигини, у ерда гўёки касалхоналарда даволаниш ва яшаш харажатларини қоплашга тайёр танишлари борлигини айтган. Шу билан бирга, у ўз хизматлари учун 350 доллар миқдорида олдиндан тўлов талаб қилган.
Талаба буйрагини сотишга рози бўлган эркакдан пул олаётган пайтда қўлга олинган. Суд мажлисида йигит молиявий муаммолари борлигини ва битим амалга ошмаганини айтиб, фуқароларга пулни қайтаришни режалаштирганини айтган. Шунингдек, у аъзоларни кўчириб ўтказиш билан шуғулланадиган танишлари йўқлигини тан олган.
Суд уни ЎзР Жиноят кодексининг 133-1-моддаси 1-қисми 25-моддаси (инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарини олди-сотди қилиш билан боғлиқ жиноятга тайёргарлик кўриш ёки суиқасд қилиш) бўйича айбдор деб топди. Ёш йигит уч йил озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинди.
Шарҳлар