Тошкентда 2984 та реклама объекти ноқонуний ўрнатилгани аниқланди
Ўзбекистон бўйлаб 3082 та реклама ва ахборот объекти, хусусан, Тошкент шаҳрида 2984 таси реклама объекти рухсатномасиз жойлаштирилган. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси маълум қилади.
Республика бўйлаб ташқи реклама объектларининг умумий сони 16 832 тани ташкил этади. Шундан 11 144 таси ёки 66 фоизи Тошкент шаҳрида жойлашган. Текширувлар натижасида уларнинг 9905 таси норматив талабларга жавоб бермаслиги аниқланди. Тошкент шаҳрида бу кўрсаткич 6004 та объектни ташкил этди.
Расмий хабарда айтилишича, 4646 та ташқи реклама объектига нисбатан ҳокимликлар томонидан аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва қонун ҳужжатларига мувофиқлаштириш ёки ихтиёрий равишда демонтаж қилиш юзасидан эгаларига 1 минг 825 та кўрсатма хатлари юборилган.
Бундан ташқари, август ойида қўмита ходимлари, Тошкент шаҳар туманлари ҳокимлари маслаҳатчилари ҳамда Маънавият ва маърифат маркази ходимларидан иборат махсус ишчи гуруҳлари томонидан пойтахтда ташқи реклама объектларини давлат тилида жойлаштириш бўйича 745 та мониторинг тадбирлари ўтказилган. Реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, давлат тилидан фойдаланиш мажбурий, бошқа тилларга таржима қилишга эса муайян талаблар қўйилган ҳолда рухсат этилади.
Ўрганиш натижаларига кўра, 159 ҳолатда (21,3 фоиз) реклама, 339 ҳолатда (45,5 фоиз) лавҳалар, 39 ҳолатда (5 фоиз) бошқа эълонлар ва материаллар давлат тилидан бошқа тилларда жойлаштирилган. 108 та ҳолатда камчиликлар кўнгилли равишда бартараф этилиб, қолган тушунмовчиликларни бартараф этиш юзасидан кўрсатмалар берилди.
Шарҳлар