Тошкентда автомобилсиз кун: Амалдорлар жамоат транспортини танламоқда

Бугун Тошкентда “Автомобилсиз кун” акцияси ўтказилмоқда, ундан кўзланган мақсад соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва экологик муаммоларга эътиборни қаратишдир. Ташаббус автомобиллардан чиқадиган зарарли газларни камайтириш ва жамоат транспорти тизимини ривожлантиришга қаратилган.

Акция нафақат шаҳар аҳолиси, балки юқори мартабали амалдорлар учун ҳам муҳим воқеа бўлди. Вазирлар, ҳокимлар, давлат идоралари раҳбарлари ва ходимлари, шунингдек, таниқли блогерлар, журналистлар ташаббусни қўллаб-қувватлашди. Акция иштирокчилари орасида Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов, Ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икромов, Ёшлар масалалари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев, “Ўзкомназорат” инспекцияси бошлиғи Аъзам Абдуллаев, Сергели тумани ҳокими Элбек Шукуров, блогер Никита Макаренко, журналист Шуҳрат Латипов электробусларида ишга келди.

Акциядан кўзланган асосий мақсад соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ҳавониг ифлосланишини камайтиришдан иборат. Бироқ, жамоатчилик ва ҳукумат вакилларининг фаол иштирокига қарамай, 29 март куни Тошкент шаҳрида тирбандликларда сезиларли пасайиш кузатилмади. Бироқ бу ташаббус ҳафталик анъанага айланиб, вақт ўтиши билан шаҳар аҳолиси орасида жамоат транспортидан фойдаланишни кенгайтиришга ёрдам беради, деган умиддамиз.

Тошкент шаҳар жамоат транспорти учун масъул «Тошшаҳартрансхизмат» корхонаси автобуслар паркини сезиларли даражада яхшилаган бўлса-да, уларнинг сони ҳали ҳам аҳоли эҳтиёжини қондириш учун етарли эмас. “Автомобилсиз кун” акцияси нуқтаи назаридан, бу айниқса долзарб бўлиб бормоқда, чунки жамоат транспортини яхшилаш ва кенгайтириш йўллардаги тирбандлик муаммосини ҳал қилиш ва шаҳардаги экологик вазиятни яхшилашнинг асосий йўналиши ҳисобланади.

Тошкентда ўтказилаётган “Автомобилсиз кун” барқарор ривожланиш муҳимлигини, тоза келажак учун курашда биргаликдаги саъй-ҳаракатлар зарурлигини таъкидлайди. Ушбу тадбир ҳар бир киши саёҳат қилишнинг барқарор усулларини танлаб, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш учун ўз ҳиссасини қўшиши мумкинлигини эслатиб туради.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.