Тошкентда блогер ички ишлар вазирининг истеъфосини талаб қилиб якка пикет ўтказди
Ўзбекистонлик блогер Шокир Шарипов ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновнинг истеъфосини талаб қилиб, бир кишилик пикет ўтказди. 22 ноябрь куни Тошкентдаги Юрий Гагарин ҳайкали ёнида ногиронлар аравачасида ўтирган блогер қўлида “Ички ишлар вазири истеъфосини талаб қиламан” ёзуви туширилган плакат кўтарган. Бу ҳақда BBC Ўзбек хизмати хабар берди, деб ёзади “Фергана” нашри.
Шарипов “Газете.uz” нашрига берган интервюсида ички исён уни пикетга чиқишга мажбур қилгани билан изоҳлади.
“Ички ишлар органлари биноларидан ҳалок бўлган фуқароларнинг жасадлари олиб чиқилаётгани, ички ишлар органлари ходимлари томонидан фуқароларга нисбатан куч ишлатилаётгани, қийноққа солингани ёки калтакланаётгани ҳақидаги хабарларни ҳар гал ўқиганимда ички исёним, норозилигим кучаяди. Энг ачинарлиси – вазирликнинг бундай воқеаларга муносабати, бу мени ҳам ҳайрон қолдиради, ҳам ғазаблантирмоқда”, – дейди Шокир Шарипов.
Унинг фикрича, блогер унинг келиши билан катта умидлар боғлаган Шавкат Мирзиёев президентлиги даврида ҳам Ички ишлар вазирлиги тизимида жиддий ислоҳотлар амалга оширилмаган. Қўқон шаҳар ИИБ қошидаги Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида ўсмирнинг ўлими сўнгги томчи бўлди. Шарипов фикрича, бу воқеадан кейин ички ишлар вазири халқ олдига чиқиб, Ички ишлар вазирлиги тизими ислоҳ қилинмаётганини тан олиши ва кечирим сўраб, истеъфога чиқиши керак эди.
“Агар ички ишлар тизимида содир бўлаётган барча воқеалардан кейин ҳам Пўлат Бобожоновга ишонч билдирилса, фуқароларда давлат бошқарувида бўлган ҳар бир шахсга нисбатан катта шубҳа бор. Мантиқий хулосалар шундан келиб чиқадики, мамлакатни бошқараётганлар халқни ўйламайдилар.
Бу вазир лавозимидан четлаштирилмагани боис, одамлар юқоридаги қарор қабул қилувчиларда “Халқ бир пода, норози бўлаверишсин, ислоҳотлар барибир секин бўлади” қабилидаги кайфият мавжуд, деган хулосага келишади. Халқ ҳақиқатда нима бўлаётганини билмаслиги ёки вазирга нисбатан оддий жазо қўлланилмагани учун шундай оғир хулосаларга келяпмиз”, – дейди Шарипов.
23 ноябрь куни кечқурун Ўзбекистон ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов вазирлик “ВВС мухбири томонидан ташкил этилган интервьюда ижтимоий фаол Шокир Шариповнинг барча масалари ва таклифлари бўйича очиқ мулоқотга тайёрлигини” билдирди.
Шарҳлар