Тошкентда “Competizionе dell’Opera 2023” италия операси вокалист – ижрочилари халқаро танлови якунланди
Ëшлар учун жаҳоннинг машҳур опера асарларини намойиш этиш ва ижодкорлар санъатидан баҳраманд қилиш мақсадида, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри, “Competizione dell‘ Opera e.V.” фонди томонидан, 2023-йилнинг 19-24 сентябрь кунлари Тошкентда “Competizionе dell’Opera 2023” италия операси вокалист – ижрочилари халқаро танловининг якуний босқичи ўтказилди. Бу ҳақда Anhor.uzга Маданият вазирлиги матбуот химати хабар берди.
“Танлов 1996-йилда Германияда ташкил этилган ва тезда Европада ҳамда бутун дунёда энг муҳим танловлардан бирига айланди. У 15 йилдан ортиқ вақт давомида машҳур Drezden Zemper -операсида ўтказилган. Шундан сўнг, концепция халқаро миқёсда қабул қилинди ва танлов дунёнинг турли шаҳарларида ўтказила бошланди. 24 йил давомида танлов Европа ва Осиёдаги энг йирик залларда муваффақиятли ўтказилди. Россия ва Европа мамлакатлари ўртасидаги маданиятлараро ҳамкорлик доирасида 2011 ва 2016-йилларда нуфузли Европа опера танлови Россияда 2 марта катта театр саҳнасида ўтказилди ва катта муваффақиятга эришди. Чорак аср давомида танловнинг бадиий раҳбари ташкилотчи ва унинг бош асосчиси профессор Ханс – Ёахим Фрай, таниқли театр режиссёри ва маданий тадбирлар менежери ҳисобланади”, – дейилади хабарда.
Ҳар йили танловда дунёнинг 25 дан ортиқ мамлакатларидан 600 дан ортиқ ёш ижрочилар иштирок этади. Улардан фақат 12 та энг яхши ижрочилар финал босқичига чиқишади. Танлов ёш истеъдодлар учун катта опера оламига киришда ноёб имкониятдир. Ўз тарихи давомида танлов дунё опера саҳнасининг кўплаб юлдузларига ҳаёт учун йўлланма очди ва берди.
Competizione – бу италян опера мусиқасининг барча бойлиги ва гўзаллигини ўз ичига олган ягона вокал танлови бўлиб, унда италян операсининг дурдоналарига эътибор қаратилади: қадимги мусиқадан Моцарт, Верди, Пуччинигача ва ХХI аср мусиқасининг стилистик хилма-хиллигига қадар гўзал оҳангларни ўз ичига олади.
Танловнинг ўзига хос хусусияти юқори даражадаги халқаро ҳакамлар ҳайъати таркибига эгалигидадир. Ҳакамлар ҳайъати таркибидан бош концерт агентликлари, опера театрлари ва концерт заллари раҳбарлари, Россия, Германия, Австрия, Италия, Буюк Британия, Жанубий Корея, Мексика, Чили, Белорусия ва Ўзбекистондан дунёга машҳур опера қўшиқчилари, режиссёрлари ва дирижёрлари ўрин олган.
I, II ва III мукофотлардан ташқари, танловда анъанавий равишда театрлар, концерт заллари ёки ҳомийлар томонидан таъсис этилган махсус совринлар берилади. Кўплаб танлов иштирокчилари дунёнинг энг яхши театрларида чиқиш учун тўғридан-тўғри шартномалар олганлар.
“Танлов бундан аввал ҳам Ўзбекистонда ўтказилган. 2014 йилда биринчи тадбир ўтказилганда, Ўзбекистонлик ижрочи Барно Исматуллаева танлов ғолиби бўлди. Шунингдек, 2013 йилда Брукнерхаусда бўлиб ўтган Опера танловининг ғолиби ва финалчиси – Рамиз Усмонов бўлиб, у ҳозирги кунда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри директори ҳисобланади”, – дейилади хабарда.
2023 йилда Ўзбекистон халқаро танлов учун ўз эшикларини қайтадан очди. Танловда Туркия, Жанубий Корея, Россия Федерацияси, Грузия, Қозоғистон, Белоруссия, Украина, Қирғизистон ва Ўзбекистон давлатларидан истеъдодли вокалистлар иштирок этишди. Финал босқичига 4 нафар Ўзбекистондан, 2 нафар Жанубий Кореядан, 1 нафар Қозоғистондан, 4 нафар Россия Федерациясидан ва 1 нафар Белоруссия давлатидан иштирокчилар сараланиб олинди.
Танлов якунига кўра ўзбекистонлик Хўжаназар Жумаев ғолибликни қўлга киритиб, Гран При соҳиби бўлди.
Шарҳлар