Тошкентда фуқаро кийимидаги орган ходими президент кортежи ўтишидан олдин велосипедчини калтаклади
16 июнь, жума куни кечқурун тошкентлик велосипедчи Андрей Баришевни Ўзбекистон президенти кортежи Мустақиллик шоҳ кўчасидан ўтишидан бироз олдин фуқаролик кийимидаги, катта эҳтимол билан давлат раҳбари хавфсизлигининг ходими бўлган шахс калтаклаган. Бу ҳақда “Газета” нашри ёзади.
Воқеа соат 20:00 атрофида содир бўлган. Йигитнинг сўзларига кўра, у Паркент бозори томон кетиш учун «Дархон кафеси» автобус бекати яқинидаги пиёдалар ўтиш жойидаги йўлни кесиб ўтмоқчи бўлган.
Аввалига Андрей Баришев қатнов қисмининг ўртасида машиналар ўтишини кутиб турган. Бу вақтда ДАН ходими светофорнинг ишораси алмашишига қарамай автомобилларга ҳаракатни давом эттиришига рухсат бераётганди.
«Автомобиллар оқими туфайли йўлни узоқ вақт кесиб ўта олмадим. Йўл назоратчиси йўл инспектори бўлсада, менга умуман эътибор қаратмади. Кейин мен тирбандлик бўйлаб ҳаракатланишни бошладим. Тўсатдан миллий гвардия ходими югуриб чиқди. Мен уни кўрдим ва унга: „Мен [кўприкдан кейин] ўнгга буриламан“ дея бақирдим», — деди Андрей Баришев.
Велосипедчининг сўзларига кўра, у ҳаракатда давом этаётган вақтда Миллий гвардия ходими огоҳлантиришсиз унинг қўлидан ушлаб олган.
«Мен унинг қўлини итариб юбордим, чунки йиқилиб тушишим мумкин эди. Мен кескин тормозни босдим ва [педаллардан оёқларимни] „ечишга“ улгурдим (велосипедчи педалларга маҳкамланган оёқ кийимда бўлган — таҳр.), мен унга: „Нега қўлимдан ушлаб қолдинг?“ дедим. Фуқаролик кийимидаги бир киши югуриб келди. Эҳтимол у хавфсизлик хизмати ёки президент қўриқчиси эди», — дейди Андрей Баришев.
«У мени велосипеддан тушириб, пиёдалар йўлагига олиб чиқди ва ўша ерда менга тарсаки тушира бошлади, соқолимни тортиб, ҳеч ким эмаслигимни айтиб бақирди, шаъним ва қадр-қимматимни камситди, ҳақорат қила бошлади. Бекатдагилар буни индамай томоша қилишди», — дейди велосипедчи.
У ушбу воқеа бўйича жим турмаслигини айтиб, жамоатчиликдан уни қўллаб-қувватлашларини сўраган.
«Тўғрисини айтсам, хавфсизлик хизмати қилган ишдан ҳайратдаман. Нега улар биринчи одамдан ташқари ҳамма одамларга шунчаки калтакланиши мумкин бўлган ҳуқуқсиз ҳайвонлардек муносабатда бўлишади? Мен бундай ҳолатлар давом этишини истамайман, шунинг учун мен ушбу воқеани ошкора қиламан ва ҳар бирингиздан буни тарқатишда ёрдам сўрайман», — деб ёзди Андрей Баришев ижтимоий тармоқларда.
Шарҳлар