Тошкентда фуқароларни соқолни олиб ташлашга мажбур қилишди
Ўтган ҳафтада ижтимоий тармоқларда Тошкентнинг Чилонзор ва Учтепа туманларида жамоат жойларида юрган соқол қўйган эркакларни ички ишлар бўлимларига олиб бориб, соқолини олиб ташлагачгина қўйиб юборишгани ҳақида хабарлар тарқалди, деб ёзади «Газета.uz» нашри.
Facebook фойдаланувчиси Муҳаммадюсуф ибн Қобил 6 май куни кечаси соқол олишдан олдин ва ундан кейинги суратларини эълон қилган. Унинг сўзларига кўра, икки сурат орасидаги вақт 5 соатни ташкил қилади ва у туман ИИБга ташрифдан сўнг соқолни қиртишлашга мажбур бўлган. «Газета.uz» билан суҳбатда у вазият қандай содир бўлганини сўзлаб берган.
«Мен шампун ва бошқа товарларни сотиш бўйича агент бўлиб ишлайман. Иш вақтимда мени кўчада Йўл-патрул хизмати ходими тўхтатди ва шахсимни аниқлаштириш учун биз билан бирга боришингиз керак дейишди. Мен бошлиғимга (Муҳаммад Маъруфни — таҳр.) хабар бериб қўяй дегандим, йўқ ўша ерда (бўлимда — таҳр.) хабар беришим мумкинлигини айтишди», — дейди Муҳаммадюсуф ибн Кобил.
Муҳаммадюсуфнинг тасдиқлашича, ундан ташқари бўлимда соқолни олишга мажбуран олиб келинган яна камида 10 киши бўлган.
«Уларни сони ўзгариб турди. Кимнидир олиб киришади, улар „машинка“ ёрдамида соқолини ўзи олади ёки кимдандир буни қилишни илтимос қилади. Уларни соқол билан ва соқолсиз ҳолатда суратга олишади, кейин қўйиб юборишади. Ҳеч қанақа ҳужжатга қўл қўйдирмасдан чиқариб юбораверишди… Кўчада бошлиғим кутиб турганди, соқоли борлиги учун уларни ҳам ичкарига олиб киришди. Соқолни оласизлар, бусиз бу ердан чиқиб кетишни иложи йўқ дейишди. Биз олмаймиз, қонунда бу ёзилмаган деб тушунтирдик. Кейин бошқа каттароқ ходимлар кирди, нимага олдиришга кўнмаяпсан деб сўради, сен мутаассиб бўлиб қолибсан деб гапирди. Ходимлар тепадан шунақа буйруқ олишганини, „агар бу ишимиз ноқонуний бўлганида, биз бу ерда ишламас эдик“ деб айтишди», — дея сўзлаб берди у.
Унинг таъкидлашича, уларни ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик бўйича маъмурий жавобгарликка тортиш ва 15 суткага ҳибсга олиш билан қўрқитишган.
«Якунда биз соқолни олишга мажбур бўлдик. Бир-биримизни соқолимизни олишимизни айтишди. Биз олмаймиз дедик. Формасиз кимнидир чақириб келишди, ўша соқолимизни олиб қўйди», — дея сўзлаб берди Муҳаммадюсуф ибн Қобил.
Жараён якунига еткач ҳибсдагилар суратга олинган ва уларнинг телефони қайтарилиб, қўйиб юборилган.
Ўзбекистон ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов «Газета.uz»га ушбу вазият юзасидан изоҳ берган.
«Ички ишлар органлари томонидан жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш жараёнида ўтказиладиган тезкор-профилактик тадбирларини фуқароларнинг диний эътиқоди билан боғлаш мутлақо нотўғри. Фуқаро, ўзининг конституциявий ҳуқуқлари поймол этилган деб ҳисобласа, ўрнатилган тартибда шикоят қилиши мумкинлигини эслатиб ўтамиз», — деди у.
Шарҳлар