Тошкентда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг саммити ўтказилади
8-9 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) ўн олтинчи саммити бўлиб ўтади. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар беради.
Тадбирда Озарбайжон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон, Тожикистон, Туркманистон ва Туркиянинг давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирок этиши кутилмоқда.
Кун тартибига мувофиқ, ИҲТ доирасида савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникациявий ва гуманитар ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳамда ушбу кўп томонлама тузилма фаолиятини такомиллаштириш масалалари кўриб чиқилади.
Саммит дастури доирасида Ўзбекистон етакчиси қатор икки томонлама учрашувлар ўтказади.
Ўзбекистон Республикаси 1992 йилдан бошлаб ИҲТ аъзоси ҳисобланади.
Улашиш:
Шарҳлар