Тошкентда илк бор модернистик архитектура ёдгорликларини сақлаш бўйича конференция ўтказилади

Фото: uzbloknot

Тошкент модернистик архитектурасини асраш масалаларига бағишланган конференция  ўтказилади. Where in the World Is Tashkent конференцияси 18–19 октябрь кунлари Ўзбекистон Давлат санъат музейида бўлиб ўтади. Бу ҳақда тадбир ташкилотчиси Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси хабар беради.

Фахрий меҳмонлар орасида меъмор Рем Колхас, ёзувчи ва куратор Шумон Басар, маданий мерос бўйича менежер Эдуардо Эскаланте Каррильо бор.

Конференциядан кўзланган мақсад Тошкент модернистик меросининг аҳамиятига диққат-эътиборни жалб этишдан иборатдир.

«Биз мулоқотни йўлга қўйиш ва Ўзбекистон пойтахти қиёфасини асраб-авайлаш бўйича мажмуавий стратегияни ишлаб чиқишга кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон ва бошқа мамлакатлардан етакчи мутахассисларни бир жойга тўплаймиз», – дейилади жамғарма хабарида.

Конференция билан бир вақтда музейда Tashkent Modernism: Index кўргазма лойиҳаси тақдим этилади. У икки йиллик жадал ва пухта изланишлар натижалари ҳамда Армин Линке томонидан тасвирга туширилган меъморий иншоотларнинг фотосуратларини бирлаштиради.

Анжуман Tashkent Modernism XX/XXI лойиҳасини амалга оширишга салмоқли ҳисса қўшган меъмор ва тарихчи Жан-Луи Коэн (1949–2023) хотирасига бағишланади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.