Тошкентда иссиқлик таъминоти тизимини модернизация қилиш ишлари билан француз компанияси шуғулланади
Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида иссиқлик таъминоти тизимини модернизация қилиш лойиҳаси тақдимоти билан танишди, дея хабар беради “Дунё” ахборот агентлиги. Осиё тараққиёт банкининг хулосасига кўра, Франциянинг “Veolia” компаниясининг лойиҳаси энг самарадор деб топилган. Бу компания Польша, Чехия, Руминия, Литва, Германиядаги шаҳарларда иссиқлик тизимини бошқариш тажрибасига эга.
Тез орада Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан компания ўртасида хусусий шериклик шартномаси имзоланиши кутилмоқда.
Лойиҳага кўра, “Veolia” компанияси томонидан 315 миллион евро, лойиҳа даврида олинадиган даромад ҳисобидан 1 миллиард 80 миллион евро йўналтирилиши кўзда тутилган.
Бу маблағлар эвазига 181 та иссиқлик қозонхонаси модернизация қилиниши, 28 мингта иссиқлик пункти ўрнатилиши, 841 километр тармоқ реконструкция қилиниб, 576 километр тармоқ янгидан қурилиши режалаштирилган. Шунингдек, 391 та махсус автомашина ва бошқа ускуналар сотиб олинади. Халқаро даражадаги техник аудит ва биллинг тизими жорий этилади.
Президент таклиф этилаётган лойиҳани Тошкент шаҳридаги мавзелардан бирида намуна сифатида жорий этиб, самарадорлигини тажрибадан ўтказиш, ҳар томонлама чуқур ўйлаб, қарор қабул қилиш зарурлигини таъкидлади.
Бошқарувга беришдан олдин “Тошиссиққуввати” давлат унитар корхонасига тегишли мол-мулк ва бинолар хатловдан, кўп қаватли уйларнинг иссиқлик таъминоти тизимлари техник ва энергетик аудитдан ўтказилиши белгиланди.
Лойиҳани амалга ошириш учун Иссиқлик тизимини ривожлантириш жамғармаси ташкил қилиш бўйича кўрсатма берилди. Лойиҳа доирасида олинган соф фойданинг 10 фоиздан ошган қисми мазкур жамғармага ўтказиб борилади.
Шарҳлар