Bo'limsiz

Тошкентда кўкаламзорлаштириш даражаси беш йил ичида 33% га камайди

Фото: Anhor.uz

Макроиқтисодиёт ва минтақавий тадқиқотлар институти (ММТИ) экспертлари Ўзбекистонда шаҳарлар ўсишининг атроф-муҳитга, жумладан, кўкаламзорлаштириш даражасига таъсирини таҳлил қилди. Бу ҳақда «Газета» нашри ёзади.

Дунёда шаҳарлар ривожланишининг турли моделлари мавжуд ва шаҳарлар икки асосий йўналишда – горизонтал кенгайиш ёки вертикал ўсишда ривожланади. Бундан ташқари, шаҳарлар учта асосий сценарий бўйича кенгайиши мумкин, уларга кўра аҳоли зичлиги камайиши, ўзгармаслиги ва кўпайиши мумкин.

Биринчи ва иккинчи сценарийлар одатда яқин атрофдаги ҳудудлар ҳисобига шаҳарнинг кенгайишини ифодалайди. Учинчи сценарийга кўра, шаҳар вертикал равишда ўсиб боради, аҳоли зичлиги эса ортади.

Шаҳарларнинг вертикал ўсиши, жаҳон тажрибасига кўра, қуйидагиларни назарда тутади:

  • ердан фойдаланишни оптималлаштириш;
  • инфратузилмага инвестицияларни қисқартириш;
  • шаҳар ичида саёҳат вақтини қисқартириш;
  • бир жойда тўпланган одамларнинг ахборот ва билим алмашишини жадаллаштириш;
  • янада барқарор шаҳар ривожланишини қўллаб-қувватлаш.

Ўзбекистонда 2012-2016 йилларда хонадонлар ва уйлар сони 6,6 фоизга ошди, 2017-2021 йилларда эса ўсиш 20,3 фоизни ташкил этди (бу олдинги беш йилга нисбатан 3 баробар кўп). Бу даврда энг кўп уй-жой Самарқанд, Қашқадарё, Бухоро вилоятлари ва Тошкент шаҳрида қурилган.

Таҳлилларга кўра, 2021-2022 йилларда вертикал ўсишнинг энг юқори даражаси Сардоба, Жондор, Пешку, Хўжабод, Сўх ва Бағдод туманларида, шунингдек, Навоий, Жиззах, Зарафшон, Бухоро ва Андижон шаҳарларида кузатилган.

Ўзбекистоннинг 77 та туман ва шаҳрида фойдаланишга топширилган кўп қаватли уйларнинг умумий майдонидаги улуши 30 фоиздан кам. Бўзатов, Кегейли, Қораузақ, Бўстон, Янгиобод, Томди, Олтинсой, Мирзаобод, Сайхунобод туманлари ҳамда Ғазғон, Ширин ва Ангрен шаҳарларида вертикал ўсиш умуман кузатилмаган, дея таъкидлайди ММТИ.

Ижобий жиҳатлар билан бир қаторда, шаҳарларнинг вертикал ўсиши инфратузилма талаблари, атроф-муҳитга таъсири ва яшаш учун қулайлик нуқтаи назаридан муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.

Ўзбекистоннинг аксарият ҳудудлари учун бош режа ҳали ишлаб чиқилмаган ва тугалланмаган. Мавжуд бош режага эга бўлган ҳудудларда ҳам режага зид равишда ер оажратиш нотекис қурилишга олиб келади. Хусусан, 2021 йилда республика бўйича 814 та ҳолатда бош режага риоя қилмаслик ҳолати аниқланган.

Қурилиш ишларини жадаллаштириш натижасида 2022 йилда ободонлаштириш даражаси 2017 йилга нисбатан Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида 26 фоизга, Яккасарой туманида 23 фоизга, Олмазор туманида 33 фоизга ва Мирзо Улуғбек туманида 18 фоизга камайди. Худди шундай ҳолатни бошқа ҳудудлар мисолида ҳам кузатиш мумкин. Масалан, Бухоронинг марказий қисмида 5 йил ичида ободонлаштириш даражаси 37 фоизга камайди.

ММТИ яшил ҳудудларнинг инсон саломатлигига ижобий таъсирини қайд этди. JAMA Network Open журналида чоп этилган тадқиқотда таъкидланишича, хиёбонлар, жамоат боғлари ва бошқа яшил майдонларга ташриф буюрувчиларнинг психологик саломатлиги яхшиланади. Хусусан, ҳафтасига 3-4 марта ушбу жойларга ташриф буюрганлар руҳий касалликларни даволаш учун дори-дармонларни қабул қилиш эҳтимоли 33 фоизга, қон босимини даволаш учун дори-дармонларни қабул қилиш эҳтимоли 36 фоизга ва астма касаллигига чалиниш ҳолатлари 26 фоизга камроқ бўлганлиги аниқланди.

Nature нашри томонидан эълон қилинган ҳисоботга кўра, ҳафтасига 2 соат табиат қўйнида ўтказиш ташвиш ёки тушкунликни камайтиришга ёрдам беради, юқори қон босими ва юрак хасталиклари хавфини камайтиради.

Шунингдек шифокорлар ҳам баъзи дори-дармонларни қабул қилиш ўрнига табиат қўйнида кўпроқ вақт ўтказишни тавсия қиладилар. Хусусан, 1998 йилда Янги Зеландияда шифокорлар яшил ҳудудларда қолиш учун зарур вақтни белгилашган, Японияда эса ўрмон ҳавосидан нафас олиш экотерапия сифатида қўлланилади.

Институт экспертлари турар жой биноларига туташ ҳудудларда ва умуман шаҳарларда аҳолига тўғри келадиган яшил зоналарнинг минимал нормаларини янгилаш ва амалиётга жорий этишни таклиф қилишмоқда.

Кўп қаватли уйлар ва турар жой мажмуаларини қуришда лойиҳачиларга яшил зоналар яратиш меъёрларига риоя этиш мажбуриятини юклаш, Экологик барқарорликни мониторинг қилиш мақсадида сунъий йўлдошдан олинган суратлар асосида аҳоли пунктлари ҳудудларини кўкаламзорлаштириш даражасини баҳолаш амалиётини жорий этиш, шаҳар ва қишлоқларни кўкаламзорлаштириш индексини ишлаб чиқиш зарур.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.