Bo'limsiz

Тошкентда мактаб ҳудудини тозалашга ўқитувчиларни жалб қилган мактаб директори жаримага тортилди

Фото: t.me/rezonans24

Тошкент шаҳри, Яшнобод туманидаги 149-мактаб ўқитувчиларини мажбурий меҳнатга жалб қилган директорга чора кўрилди. Бу ҳақдаги хабар ижтимоий тармоқларда тарқалгач, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ўрганиб чиқилди, деб ёзади Kun.uz нашри.

Қайд қилинишича, мактаб директори томонидан Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ва Меҳнат Кодексининг 5-, 25-моддалари талаби бузилиб, ўқитувчилар ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишларига жалб қилинган.

Ташкилот раҳбарига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси 2-қисмига асосан маъмурий жарима қўлланган. Унинг миқдори хабарда келтирилмаган. Кодексга кўра, ҳуқуқбузарлик таълим ташкилотининг педагог ходимига нисбатан содир этилган бўлса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан 150 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Мажбурий навбатчилик ҳақидаги хабарларга тўхталадиган бўлсак, улар Тошкент мактаблари директорлари учун ёпиқ Телеграм-каналида пайдо бўлган, кейин эса ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетган. Юқори мансабдор шахслар ўқитувчилар учун кеча-ю-кундуз навбатчилик жадвалини тузишни топширган. Хабарда таътил кунларида таълим муассасаларини қўриқлаш бўйича навбатчилик ўтказилиши ва у 25 августдан 10 сентябргача давом этиши таъкидланган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.