Тошкентда мушукни пневматик қуролдан отишди

Источник: ГУВД Ташкента

Интернетда Тошкент шаҳри Юнусобод тумани Қўшчинор маҳалласида номаълум шахс мушукни отиб ташлагани ҳақида маълумот тарқалди. Пойтахт ички ишлар бошқармаси воқеа юзасидан изоҳ берди, деб ёзади UzNews нашри.

2 июнь куни Юнусобод тумани ИИБга “Қўшчинор” маҳалласида яшовчи 41 ёшли М.С. мурожаат қилиб, 27 май куни кечқурун мушугини сайр қилиш учун кўчага чиқариб юборганини, жонивор бир ярим соатдан кейин қайтиб келгани ва бурни ёнида қон оқаётган яра бор бўлганини айтган.

Эртаси куни эрталаб тинимсиз қон кетиши туфайли аёл мушукни ветеринария клиникасига олиб борган. Текширув давомида шифокор жароҳатдан кичик металл шарикни олиб ташлаган. Бу пневматик қуролларда ишлатиладиган ўқ деб тахмин қилинмоқда.

Аёлнинг аризаси асосида Юнусобод тумани ИИБ ходимлари томонидан текширув ўтказилиб, ҳуқуқбузарнинг шахси аниқланмоқда.

ИИББнинг қайд этишича, Қўшчинор маҳалласида бошқа ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш ҳолатлари ҳам интернетда қайд этилган, бироқ бу фактлар бўйича ҳеч қандай баёнотлар келиб тушмаган.

«Агар уй ҳайвонингиз ёки яқин атрофдаги кўча ҳайвонлари бировнинг ҳаракатларидан жабрланган бўлса, илтимос, қонунда белгиланган тартибда ушбу фактлар ҳақида хабар беринг: ҳолатларнинг ҳеч бири эътибордан четда қолмайди ва текширилади», – дейилади ИИББ тарқатган хабарда.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.