Тошкентда ноқонуний қурилма ва иншоотларни демонтаж қилиш ишлари бошланмоқда
Тошкент шаҳар ҳокимлиги маълум қилишича, айни пайтда Тошкент шаҳрида аҳоли фаровонлигини ошириш, жумладан, коммунал ва йўл инфратузилмасини яхшилаш, йўлларнинг қулайлиги ва хавфсизлигини ошириш, соғлом турмуш тарзи, фаол ҳордиқ чиқариш ва дам олиши учун шарт-шароит яратиш бўйича фаол ишлар амалга оширилмоқда. Мақсад – Тошкентни ҳамма учун қулай муҳитга айлантириш.
Хусусан, ушбу вазифани амалга ошириш доирасида жойларда пиёдалар учун мўлжалланган йўлларнинг қулайлиги таҳлил қилинди. Эътиборни тартибсиз, ягона услубсиз ва кўп ҳолларда тегишли шаҳар хизматлари томонидан бериладиган рухсатномаларсиз қурилган бинолар тортди. Йўллар бўйлаб жойлашган бу бинолар аҳоли учун хавф туғдиради, масалан, уларнинг аксариятида тўхташ жойлари ва йўлаклари йўқ, улар пиёдалар йўлакларига чиқиб кетган тарзда ташкил етилган. Шундай қилиб, ҳайдовчининг бир дақиқалик харид қилиш жараёни бошқа ҳайдовчилар учун ҳам, пиёдалар учун ҳам сезиларли ноқулайлик ва хавф туғдиради, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, айни пайтда таҳлил натижалари асосида тегишли шаҳар хизматлари томонидан ноқонуний қурилма ва иншоотларни демонтаж қилиш ишлари бошланмоқда.
Ҳокимлик Тошкент шаҳри ҳудудида маиший ва тижорат биноларига эга бўлган пойтахт аҳолисини ҳужжатларнинг шаҳарсозлик меъёрларига мувофиқлигини яна бир бор синчиклаб текширишга чақирди.
“Тадбиркорлар ва шаҳар аҳолисини ушбу турдаги кўчмас мулкни харид қилишда эҳтиёткор бўлишга, юридик хизматлар билан маслаҳатлашишга чақириш зарур, деб ҳисоблаймиз. Тошкент шаҳар кадастр хизматлари томонидан бериладиган, уларнинг чегаралари, майдони ва биноларнинг турларини тасдиқловчи ҳужжатлардан ташқари, бино ва иншоотлар учун ҳужжатларнинг муқобил турлари мавжуд эмас.
Потенциал хариднинг барча тафсилотларини аниқлаштириш учун ваколатли органларга шахсан ёки онлайн давлат хизматлари орқали мурожаат қилинг”, – дейилади хабарда.
Шарҳлар