Тошкентда ўқувчининг ўлими ортидан мактаб раҳбариятига ҳукм чиқарилди
Тошкентда 27 ноябрь куни 99-сонли мактаб спорт майдончасидан чиқаётган ўқувчи ҳушини йўқотади. Буни пайқаган мактаб қўриқчиси тез ёрдам чақирган, бироқ шифокорларнинг уринишларига қарамай, ўсмир вафот этганди.
Умумтаълим муассасаси раҳбариятига ҳукм ўқилди, деб хабар бермоқда “Миллар” телекўрсатуви.
Суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, ўлимга электр токи уриши, ўткир нафас этишмовчилиги, юрак-қон томир етишмовчилиги, бош мия ва ўпка шиши сабаб бўлган. Ўсмирнинг қўлида электр токи уриши изи топилган.
Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди мактаб директори ва унинг иқтисодий ишлар бўйича ўринбосарига нисбатан ҳукм чиқарди. Улар Жиноят кодексининг 207-моддаси 3-қисми “а” банди (мансабга совуққонлик билан қараш ва одам ўлимига сабаб бўлиш) билан айбдор деб топилган:
директор ўринбосарига икки йил муддатга раҳбарлик лавозимларини эгаллаш ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларни эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, тўрт йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси;
Директор икки йил муддатга раҳбарлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларни эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, тўрт йилга озодликдан маҳрум қилишдан иборат бўлган.
Шарҳлар