Тошкентда социология профессори Абдулахат Қаҳҳоров ўлдирилди
Профессор, социология фанлари доктори Абдулахат Қаҳҳоров Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги хонадонида ўлик ҳолда топилди. Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати 73 ёшли фуқаронинг вафот этганини тасдиқлади.
Бошқарма маълумотларига кўра, 18 июль куни тахминан соат 22:00да «102» рақамига маҳаллий аҳоли қўнғироқ қилиб, Мухбир кўчаси, Қорақамиш 2/5-уйдаги 10-уйнинг хонадонларидан бирида шовқин бўлаётганидан шикоят қилган.
Воқеа жойига етиб келган тезкор-қидирув гуруҳи марҳум Абдулахат Қаҳҳоровни балконда танасининг турли жойларида кесилган жароҳатлар билан топган.
Мазкур ҳолат юзасидан Олмазор тумани прокуратураси томонидан 19 июль куни Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (Қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумондор қўлга олинган. Жиноят сабаблари аниқланмоқда.
Социология фанлари доктори, бунгача Ўзбекистон ИИВ Академиясида профессор бўлиб ишлаган Абдулахат Қаҳҳоров “Шарқий Туркистоннинг қадимий ипак йўли сирлари” (2017) китобининг муаллифи. У туркий ва уйғур тарихининг кам ўрганилган масалалари билан шуғулланган.
Шарҳлар