Тошкентда споттинг билан шуғулланган мактаб ўқувчилари ҳибсга олинди
Тошкентнинг Сергели туманида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари самолётларни суратга олаётган мактаб ўқувчиларини ҳибсга олди. Бу ҳақда Tashkent_Land телеграм канали хабар беради.
Мактаб ўқувчиларининг сўзларига кўра, уларни Қумариқ маҳалла қўмитаси биносига олиб боришган, у ерда ҳақорат қилиб бақиришган, қўрқитишган, барча техникасини олиб кетишган. Шундан сўнг олти нафар ҳибсга олинган бола шахсий автомобилда бошқа жойга олиб кетилган.
Ҳибсга олинганлар Тошкент аэропортида Uzbekistan Airports томонидан уюштириладиган расмий тадбирларга тез-тез ташриф буюрадиган ёшлардир.
Uzbekistan Airports компанияси Тошкентда ҳуқуқ-тартибот идораларининг ходимлари томонидан споттер-болаларнинг ҳибсга олиниши ҳолати бўйича расмий баёнот берди.
“Ҳодиса Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги Қумариқ маҳалласи ҳудудида юз берган. Болалар ҳаво бандаргоҳи чегараларини бузмаган ҳолда, Тошкент халқаро аэропорти панжарасидан ташқарида самолётларни суратга олган”, — дейилади хабарда.
Ҳибсга олинган споттерлардан бирининг отаси «Газета.уз» нашрига маълум қилишича, барча болалар уйларига қўйиб юборилган. “Ўртоқ подполковник (тахминан, ички ишлар бўлимининг бошлиғи – таҳр.) шахсан узр сўраган, йигитларнинг ҳаммаси уйга кетишяпти”, деган у. Болалар ИИБ ходимлари уларга бақириб, сўкканини ва таҳдид қилганини тасдиқлашган.
Шарҳлар