Тошкентда суриядаги жангарилар сафига қўшилган эр-хотин қидирилмоқда
Тошкентда суриялик жангарилар сафига қўшилган турмуш ўртоқлар қидирувга берилди, деб хабар берди пойтахт ИИББ матбуот хизмати.
2015 йилда пойтахтлик Муроджон Ахматов (1989 йилда туғилган) муқаддам судланган танишининг таклифи билан экстремистик материалларга қизиқиб қолган. Шундан сўнг у ўз ишни ташлаб, террорчилар сафига қўшилишга қарор қилади.
Эркак турмуш ўртоғи Феруза Ахматова (1992 йилда туғилган) ҳамда фарзанди билан Туркияга кетишган. У ердан Сурияга кўчиб ўтган ва у ерда “Ислом давлати” террорчилик ташкилотига қўшилган.
Муроджон Ахматов 2018 йилгача жанговар ҳаракатларда қатнашган, шундан сўнг бедарак йўқолган.
«Ҳозирда у ўлган ёки бошқа давлат ҳудудида террорчилар сафида жанг қилаётганлар рўйхатига киритилган», – дейилади хабарда.
Турмуш ўртоғига нисбатан Жиноят кодексининг 244-2-моддаси (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки тақиқланган бошқа ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда қатнашиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, қидирувга берилган.
Шарҳлар