Тошкентда тадбиркор соат 22:30 дан кейин қаҳвахонасига аёллар киришига тақиқ қўйди
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туман суди 29-ноябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда кафе мудири ва унинг ходимини «жинс бўйича камситишни тарғиб қилганлик» учун маъмурий жавобгарликка тортди. Бу ҳақда «Газета.uz» нашри ёзади.
Журналист Инобат Аҳатова 18 ноябрь куни дўстлари билан кечки пайт «Анҳор» боғи яқинидаги кафега кириб, турк чойи ичиб, ширинлик истеъмол қила олмаги ҳақида пост жойлаган. Унинг ёзишича, муассаса ходими ички тартиб-қоидаларга таяниб, соат 22:30 дан кейин аёллар киритилмаслигини айтган.
Бу эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлилиги тамойилларининг бузилиши ва жинси бўйича камситилиш бўлгани учун у бу ҳақда президент порталига ёзган ва ички ишлар органларига мурожаат йўллаган.
29 ноябрь куни бўлиб ўтган суд мажлисида Sahil Street Food (Sahil Truck) кафеси раҳбари Т.З. ўз айбига иқрор бўлиб, кафеда махсус парда билан ўралган чодирлар борлигини, шу сабабдан баъзи эркаклар ва аёллар чодир ичида «турли беҳаё ҳаракатлар» содир этишини айтди. Унинг сўзларига кўра, шу сабабдан аёллар ташрифини соат 22:30 дан кейин чеклашга қарор қилинган.
Судья А.Мирзахонов ҳуқуқбузарларни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 189−2-моддаси билан жавобгарликка тортди. Уларнинг ҳар бирига моддада назарда тутилган энг кўп жарима — БҲМнинг 20 баробари (6,6 миллион сўм) миқдорида жарима солинди.
Инобат Аҳатованинг айтишича, ушбу пост эълон қилинганидан кейин унинг постида «кўп негатив ва нафрат» билан жавоб берилган. Унинг сўзларига кўра, аксарият эркаклар тадбиркорнинг ҳаракатини оқлаган ва қўллаб-қувватлаган, баъзилари аёлларга кечқурун уйда қолишни тавсия қилган.
«Мен Конституцияда эркак ва аёл тенглиги мустаҳкамланган, жинсий камситиш тақиқланган ҳуқуқий демократик мамлакатда яшайман… Хуллас, иш тугади, суд айбдорларни жаримага тортди. Томонлар ҳукмга розилигини билдирди. Умид қиламан бу кейс бошқаларга ҳам сабоқ бўлади, дискриминациядан қайтаради», — деб ёзади у.
Қайд этилишича, бу Ўзбекистонда жинс дискриминациясига оид янги модда билан боғлиқ биринчи суд ишидир.
Шарҳлар