Тошкентда ўтказилаётган Афғонистон бўйича анжуманнинг асосий баёнотлари
Тошкентда Афғонистон бўйича халқаро анжуман ўтказилмоқда, Anhor.uz нашри анжуманда билдирилган асосий баёнотларни тўплади.
Афғон активларини қайтариш
Aфғонистон муваққат ҳукумати AҚШни афғон активларини қайтаришга чақирмоқда. Бу ҳақда 26 июль куни Тошкентда бўлиб ўтган халқаро анжуманда Афғонистон ташқи ишлар вазири в. б. Амирхон Муттақий гапириб ўтди.
Унинг сўзларига кўра, 11 ой ичида «Толибон» Aфғонистон ичида хавфсизликни таъминлай олди ва аҳолига асосий хизматлар кўрсатувчи барча давлат идоралари ҳамда давлат хизматчиларининг иш самарадорлигини сақлаб қолди.
«Биз коррупция даражасини қарийб нол даражага туширдик. Барча сиёсий ва ҳарбий жиноятчиларга амнистия эълон қилдик. Афғонистон тарихида биринчи марта толерантлик сиёсати эълон қилинди. Ҳеч ким ўз сиёсий мафкураси сабабли ишдан бўшатилмади. Бизда ҳозир Мудофаа ва Ички ишлар вазирликлари жуда яхши ишламоқда. Уларга кўплаб ёшларни жалб қилдик», — дейди у.
Амирхон Муттақий «Толибон» ушбу тузилмалардан халққа ёки қўшниларга қарши фойдаланмаганини ҳам таъкидлади.
«Бир томондан йигирма йиллик уруш, иккинчи томондан АҚШнинг иқтисодий санкциялари мамлакатни қашшоқликка олиб келди. Бундан оддий одамлар азият чекмоқда. Барча бу муаммоларга қарамай, мамлакат уддалашга муваффақ бўлди. Барча давлат хизматлари кўрсатилмоқда. Орадан анча вақт ўтиб, хусусий ва давлат университетларини очдик. Барча мактаблар очиқ, уларда 10 миллион ўқувчи бор», — дея қайд этади у.
У «Толибон» ҳеч кимга Афғонистон ҳудудидан бошқа давлатларга таҳдид қилиш учун фойдаланишига йўл қўймаслик масъулиятини ўз зиммасига олганини эслатиб ўтди.
«Биз уддаладик. Афғонистондаги хавфсизлик ҳам минтақа, ҳам жаҳон ҳамжамиятидаги хавфсизлик билан боғлиқ. Биз барча ваъдаларни бажармоқдамиз ва Қўшма Штатлар ҳам келишувдаги барча ваъдаларни бажаришини хоҳлаймиз», — деди у.
Амирхон Муттақий Афғонистон дунёнинг барча давлатлари билан муносабатларни ўзаро ҳурмат ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик асосида йўлга қўйишга тайёрлигини билдирди.
«Биз АҚШни Афғонистоннинг барча активларини ҳеч қандай сўзсиз ва ҳеч қандай шартларсиз қайтариб беришга чақирамиз. Бу афғон халқининг ҳаёти ва тараққиётига жуда ижобий таъсир қилади… Афғонистон географик жиҳатдан стратегик қулай жойда жойлашган, табиий ресурсларнинг улкан захираларига ва жуда арзон ишчи кучига эга. Биз барчани Афғонистонга минтақада хавфсизлик ва барқарорликка хизмат қиладиган сармоялар киритишга чақирамиз», — деди ТИВ раҳбари.
Россия музлатилган 7 млрд долларни Афғонистонга қайтаришни ёқлаб чиқди
Россия Афғонистон муваққат ҳукуматининг АҚШга музлатиб қўйилган 7 млрд долларни қайтариш ҳақидаги талабларини қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда 26 июль куни Тошкентда бўлиб ўтган халқаро конференцияда Россия президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Кабулов маълум қилган.
«Мен Афғонистонга тегишли музлатилган, аслида АҚШ томонидан ўғирланган 7 млрд долларни сўзсиз, ҳеч қандай шартларсиз қайтаришни талаб қилган [Афғонистон муваққат ҳукумати ташқи ишлар вазири] Муттақийни чин дилдан қўллаб-қувватлайман. Тасаввур қилинг-а, фуқароси кунига 1 доллардан кам даромад оладиган мамлакатда 7 млрд долларни ўғирлаш шунчаки жиноятдир», — деди Россия делегацияси раҳбари конференцияда.
«Бу ахир, сизларга айтсам, Жаҳон банки ҳисобидаги музлатилган Афғонистон учун 2,5 млрд долларлик инсонпарварлик ёрдамини сўнгра афғонларга иккиюзламачилик билан бўлакларга бўлиб қайтаришга тааллуқли. Бу мутлақо ёмон ҳолат», — таъкидлади Замир Кабулов.
«Биз Афғонистонни ҳозирги ҳолатга келтирган Қўшма Штатлар, Европа Иттифоқи ва бошқа сателлитлар ўз хатоларини ўнглаш учун ўз ҳиссалари қўшишлари кераклигидан ҳамда улар 20 йил давомида қўллаб-қувватлаган порахўр қочоқ қўғирчоқ ҳукуматдан келиб чиқамиз», — дея қўшимча қилди РФ махсус вакили.
Шарҳлар