Тошкентда уч нафар ўқувчи қиз юқори синфда ўқийдиган қизни калтаклади

Фото: кадр из видео

Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида бир нечта қиз бошқа бир қизни калтаклаб, ҳолат тасвирланган видеони ижтимоий тармоқларда тарқатди. Ҳолат юзасидан шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси муносабат билдирди, деб ёзади “Газета” нашри.

Тарқалган видеода 3 нафар қиз бир қизни калтаклаётгани, бир қиз ўша ерда тургани ва яна бир қиз тасвирга тушираётганини кўриш мумкин. Видеода, шунингдек, калтакланаётган қиз «билиб туриб онадан сўкмасам керак», дея узр сўрагани, лекин қизлар «тўғри ўтир» дея уни уришда давом этгани акс этган.

Аниқланишича, видеодаги воқеа 25 апрель куни тахминан соат 15:00 да туманнинг «Самарқанд дарвоза» МФЙ Учлола кўчасидаги уй ертўласида содир бўлган.

Шу тумандаги 82-сонли умумтаълим мактаби 7-синф ўқувчиси С.С. дугоналари Ч., С., Т. ва Г. билан бирга шу мактабнинг 8-синф ўқувчиси К.М.ни дўппослаган ва тасвирга олинган видеони ўзининг Инстаграм саҳифасига жойлаган.

Айни пайтда ҳолат юзасидан туман ИИО ФМБ ходимлари томонидан тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ота-оналарга: «Қизларимиз тимсолида Нодирабегим, Увайсий, Зулфияхоним каби сиймоларни кўришга одатланганмиз. Бугунги мактаб ўқувчиси эртага она, бир хонадон бекаси бўлади. Қизларимиз ўзларининг ибо ва ҳаёси билан гўзал», – дея мурожаат қилган.

«Афсуски, кейинги пайтларда улар иштирокида содир бўлаётган хунук воқеалар каттаю кичикни бирдек ранжитиб, ташвишлантирмоқда. Ҳеч бир замонда ўзбек қизларининг бундай аҳволга тушмаганлиги бугун барчамизнинг дилимизни хира қилиб, миллатимиз шаънига доғ бўлмоқда. Бу эса нафақат педагоглар, балки ота-оналаримиз зиммасига ҳам фарзандларимиз, жумладан, қизларимизнинг тарбиясида катта масъулият юклайди», — дейилади бошқарма хабарида.

Яқинда Янгиҳаёт туманидаги мактабнинг 16, 17 ёшли ўқувчи қизлари 14 ёшли қизни уриб, унга енгил жароҳат етказганди. Қизларнинг ота-оналари билан тушунтириш ишлари олиб борилган. Воқеа юзасидан безорилик ҳолати бўйича жиноят иши очилган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.