Тошкентда вакциналар учун Марказий Осиёдаги энг йирик совутиш омбори очилди
Бутунжаҳон болалар кунида ЮНИСЕФ Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига Марказий Осиёдаги энг йирик омборни топширди, у турли сақланиш ҳароратига эга бўлган жуда кўп миқдорда вакциналарни сақлаш имконини беради. Янги объектнинг очилиши мамлакатда эмлашнинг ишончли тизими томон ташланган муҳим қадамдир, дейилади ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси тарқатган пресс-релизда.
«Болалар саломатлиги ва касалликлар профилактикаси Ўзбекистон ҳукуматининг асосий устувор йўналишларидан бири ҳисобланади, шу боис бундай кўламдаги совутгич-омборнинг очилиши ўз вақтида қилинган ишдир», – дейди Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Бехзод Мусаев. «Ушбу омбор бутун миллий иммунизация дастури учун логистика марказига айланади ва бизнинг вакциналарни етказиб бериш ва уларни бошқариш бўйича имкониятларимизни кенгайтиради. Мен халқаро ҳамкорларимизни, энг аввало, ЮНИСЕФ ташкилотини Ўзбекистонда совуқлик занжири тизимини мустаҳкамлашда берган ёрдами учун миннатдорчилик билдиришни истардим», – дея қайд этади у.
Ушбу омбор айни пайтда мавжуд бўлган вакциналарнинг барча турларини сақлаши мумкин. У вакциналарни сақлаш учун қарийб 1000 м2 дан иборат учта совутиш камераси, ультрасовуқ музлатиш камераси (сиғими 3000 литр), музлатиш камералари (40 м3) билан жиҳозланган. Шунингдек унда эслаш учун ёрдамчи материалларни сақлашга 1000 м2 қуруқ омбор ҳудуди ҳам мавжуд. Объектда юкни тез ва самарали бошқариш учун электр паншахали юклагичлар, док-бостирмалар, текисловчи платформалар ва кўтариш механизмлари ҳам бор бўлиб, улар иккита электр тармоғига уланган ҳамда узлуксиз электр таъминотини таъминлаш учун кучли резерв дизелли генератор билан жиҳозланган.
ЮНИСЕФ ташкилоти 2017 йилдан буён бутун Ўзбекистон бўйлаб 21 та вакцина омбори қурилишига кўмак кўрсатди. Шунингдек у рефрижетор юк машиналарини, вакциналар учун контейнерлар ва совутиш камераларини тақдим этди, ходимларни ўқитишга ҳамда объектлардан фойдаланиш бўйича зарур қўлланмалар ва йўриқномаларни тайёрлашга кўмаклашди.
ЮНИСЕФ ташкилоти бундан кейин ҳам Ўзбекистон ҳукуматига 2021-2025 йилларда Мамлакатлар бўйича ҳамкорлик дастури доирасида етказиб беришлар ва совуқлик занжири тизимини бошқариш, режалаштириш, мониторинг қилиш ва баҳолаш соҳасида миллий ва маҳаллий салоҳиятни мустаҳкамлашда ёрдам беришда давом этади.
Шарҳлар