Bo'limsiz

Тошкентдаги Ботир Зокиров ва Навоий кўчалари кесишмасида янги йўл ўтказгич қурилади

Фото: пресс-служба президента страны

Президент Шавкат Мирзиёев 20 июль куни Тошкент шаҳридаги бунёдкорлик ишлари билан танишди.

«Келгусида ҳаракат янада кўпайишини инобатга олиб, Ботир Зокиров ва Навоий кўчалари кесишмасида йўл ўтказгич қуриш, пиёдалар йўлакларини қулайлаштириш зарурлигини таъкидлади», – дея хабар беради давлат раҳбарининг матбуот хизмати.

Транспорт инфратузилмаси билан боғлиқ яна бир лойиҳа – Тошкент халқаро аэропорти ёнидаги кўприк. Автомобиллар қатновига қулайликни ошириш мақсадида у кенгайтирилиб, қўшимча эстакада қурилмоқда. Унинг узунлиги 650, эни 30 метр бўлади. Айланма шаклидаги чиқиш-тушиш йўллари қайрилиб олиш хавфини йўқотиб, ҳаракатни осонлаштиради. Президент бу ердаги қурилиш жараёнини кўрди, атрофни кўкаламзорлаштириш, манзарали дарахтлар экиш кераклигини айтди.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев «Тошкент-Шарқий» аэропорти қурилишини ҳам бориб кўрди. Бу аэропортнинг умумий майдони 693 гектар. Лойиҳага кўра, унда 4 километр узунликдаги учиш-қўниш йўлаги, замонавий терминаллар, самолётлар учун ангар ва перронлар бўлади. Аэропорт ноқулай об-ҳаво шароитларида ҳам учиш-қўнишни таъминловчи ICAO III-А тоифасидаги замонавий радиотехника ва метеорология асбоб-ускуналари билан жиҳозланади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.