Тошкентдаги ИИВ академиясида совуқлар сабабли исиниш пункти очилди

Источник: пресс-служба МВД

17 январь куни Тошкент шаҳар ИИББда Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигида пойтахтнинг айрим туманларида аҳолини энергия ресурслари билан таъминлаш борасидаги тизимли муаммолар юзасидан тезкор йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Газета.uz» нашри вазирлик хабарига таянган ҳолда ёзади.

Йиғилиш давомида пойтахтнинг Юнусобод, Мирзо Улуғбек, Чилонзор, Яшнобод ва Бектемир туманлари учун барча ресурсларни адолатли тақсимлаш, муаммоли маҳаллаларда фуқароларга зудлик билан ёрдам кўрсатадиган тизим яратиш бўйича Ички ишлар вазирлиги масъул этиб бириктирилгани таъкидланди.

Туманларга бириктирилган ҳуқуқ-тартибот идоралари, ҳокимлик, электр, газ, иссиқлик энергия корхоналари раҳбарларидан иборат ҳар бир туман кесимида ишчи гуруҳлар томонидан амалга оширилиши зарур бўлган қатор чоралар белгиланди.

“Хусусан, Пўлат Бобожонов мутасаддиларга вазирликнинг имкониятларидан фойдаланиб, ҳар бир туман ва маҳалла кесимида етарли хамда ҳарбий дала палаткаларини ажратиб тўлиқ жиҳозланган «Исиниш пунктлари»нинг узлуксиз фаолиятини таъминлаш вазифасини топширди”, – дейилади хабарда.

Шунингдек, вазирлик академияси базасида оғир вазиятлар юзага келганда фуқароларни жойлаштириш учун 100 та оилага мўлжалланган яшаш хоналарини ташкил этиш белгиланди.

Бундан ташқари:

  • масъуллар томонидан Бектемир, Яшнобод, Чилонзор, Мирзо Улуғбек ва Юнусобод туманларида аҳолининг муҳтож қатламларига кунига бир маҳал иссиқ овқат тайёрлаш ва уйларига етказишни ташкиллаштириш;
  • барча энергетик (газ ва электр) объектлар, диспетчерлик бўлимлари мавжуд биноларида ички ишлар органлари ва Миллий гвардия ходимларининг навбатчилигини ташкил этиш;
  • ҳар бир авариявий ҳолатни зудлик билан бартараф этиш, электр таъминотининг режали ўчирилиши ҳақида аҳолини ўз вақтида хабардор қилиш ва унга қатъий амал қилишни таъминлаш ва шу каби бошқа топшириқлар берилди.

Бундан ташқари, ёлғиз қариялар, кўп фарзандли эҳтиёжманд оилаларга иссиқ кийим, озиқ-овқат тарқатиш, энг оғир ҳолларда уларни вақтинчалик иссиқ жойларга жойлаштириш, маҳаллаларда иссиқ овқат тарқатиш пунктларини ташкил этилади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.