Тошкентдаги “Илҳом” театрида ёнғин содир бўлди

Источник: театр "Ильхом"

Бугун, 12 декабрь куни соат 03:34 да шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармасига «Илҳом» театри биносида ёнғин чиққани ҳақида хабар келиб тушди. Соат 03:39да 4 та ёнғин-қутқарув гуруҳи воқеа жойига етиб келди, соат 03:58да ёнғин маҳаллийлаштирилиб, соат 04:00да ўчирилди, дея хабар қилади Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси.

Ёнғин натижасида театр биносининг 1-қаватидаги 80 квадрат метр майдондаги залнинг ички қисми ва жиҳозлари ёниб зарар кўрган.

“Тезкор чора-тадбирлар туфайли 600 квадрат метр майдон ёнғиндан сақлаб қолинди”, — дейилади хабарда.

Ёнғин оқибатида ҳеч ким жабрланмаган ва ҳалок бўлмаган. Ҳозирда ёнғин сабаблари ва етказилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда.

Спектакллар намойиши тергов якунига қадар тўхтатилди. Минимал муддат – икки ҳафта.

Илгари сотиб олинган барча чипталар театр ўз фаолиятини тиклаганидан сўнг ҳақиқий бўлади, дея қайд этишди театрда.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.