Тошкентдаги кўп қаватли уйларнинг бирида одамлар билан кўтарилаётган лифт тушиб кетди
Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманидаги кўп қаватли уйда ичида одамлари бўлган лифт тушиб кетган ва 4-қаватга етгандагина тормоз тизими ишга тушган. Воқеа натижасида ҳеч ким жабрланмаган, деб ёзади «Газета.uz» нашри.
«Потребитель.Уз» Facebook-гуруҳи аъзоси Елена Акбарова Тошкентнинг Мирзо Улуғбек тумани Паркент кўчасидаги янги кўп қаватли уйлардан бирида лифт тушиб кетганини маълум қилган.
Унинг сўзларига кўра, айрим лифтлар эҳтиёт қисмлар етишмагани учун ҳали ҳам ишлаётгани йўқ.
Тошкент ҳокимлиги матбуот хизмати катта мутахассиси Гулноза Қосимова «Газета.uz»га лифт билан боғлиқ ҳодисани тасдиқлади. «Фавқулодда ҳолатга лифтнинг ҳаракатда бўлган вақтида кимдир бошқа қаватда туриб эшикларни очишга урингани сабаб бўлган», — деди у.
Унинг сўзларига кўра, уй белгиланган тартибда фойдаланишга топширилмаган, яъни ҳокимлик томонидан давлат қабулидан ўтмаган. «Шунга қарамай, қурувчи аҳолига кўчиб ўтишга рухсат берган. Ҳодиса оқибатида қурбонлар ва жароҳатланганлар йўқ. Вазият прокуратура ва туман ҳокимлиги матбуот хизмати вакиллари томонидан ўрганилди», — дейилади пойтахт ҳокимлиги хабарида.
VEK компанияси директори Ойбек Умаровнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, давлат қабули 2020 йилда амалга оширилган, акс ҳолда «сув, электр ва газ уланмаган, жорий ҳисоб бўлмаган бўларди». Унинг сўзларига кўра, дастлаб уй бир неча ой давомида УЖМШ томонидан бошқарилган, аммо кейинчалик аҳоли бошқарув компаниясини ёллаган.
«Биз лифтни синовдан ўтказдик, хулоса олдик, аммо бошқарув компанияси уни ўз балансига қабул қилиши керак эди. У бу ишни қилмади. Қолаверса, лифтларни ўрнатган ва ҳар ойда кўрикдан ўтказувчи лифт корхонаси билан шартномани бекор қилган, хизмат нархи юқорилиги сабабли, яъни ойига 200 минг сўм тўлашни истамаган. Шундан сўнг, бошқарув компанияси „кўчадан“ бошқа лифт компаниясини жалб қилган, у эса лифтлар ишлаши учун чипга „улагич“ ўрнатган», — деди у.
Компания раҳбари бошқарув компаниясига лифт компанияси билан шартномани тиклаши учун хат юборганини билдирди.
Шарҳлар