Тошкентни 250 млрд долларга сотиш ҳақидаги эълонни мактаб ўқувчиси жойлаштиргани маълум бўлди
Ижтимоий тармоқларда номалум шахс OLX сайтида Тошкент шаҳрини 250 миллиард долларга сотиш ҳақидаги эълон жойлаштиргани ҳақида маълумот тарқалганди. ИИВ ҳузуридаги Киберхавфсизлик маркази матбуот хизматининг хабарига кўра, эълонни жойлаштирган ўсмир Тошкентда қўлга олинган.
Эълонни жойлаштирган ўсмир пойтахт мактабларидан бирида 8-синфда ўқийди. У эълонни отасининг OLX профили орқали жойлаштирганини ва вазият бунчалик жиддий тус олишини билмаганини айтади.
“Мен шунга ўхшаш рекламани бошқа шаҳарда кўргандим, шунинг учун уни Тошкентга мослаб, ҳазил тариқасида қўйдим. Мен нима қип қўйганимни тушуняпман ва бундан афсусдаман”, – дейди у.
OLX вакили ўз ҳисоботида эълон жойлаштирилганидан сўнг бир неча дақиқадан кейин у блокировка қилинганини маълум қилган, шунингдек у, фойдаланувчилардан платформага тўғри маълумотларни жойлаштиришни сўраган.
Мазкур ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шарҳлар