“Тошшаҳартрансхизмат” автобус ҳайдовчилари учун “Қора рўйхат” мавжудлиги ҳақида хабар берди

Фото: узнет

«Қоида, тартиб ва интизомга барча амал қилиши шарт!», – деб ёзмоқда “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ Ахборот хизмати.

Жорий йилнинг 8-июл куни 67- ва 18-сонли автобусларнинг йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузганлиги акс этган видео ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлганди.

«Ушбу ҳолат «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ бошқарув раиси,  Транспорт назорати инспекцияси бошлиғи ва масъул ходимлар иштирокида танқидий муҳокама қилиниб, йўловчилар ҳаётини хавф остига қўйгани, ўз хизмат вазифасини суистеъмол қилиб қўпол қоидабузарликни амалга оширгани учун ушбу ҳайдовчилар билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди», – дейилади хабарда.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, қўпол қоидабузарлик содир этгани учун меҳнат шартномаси бекор қилинган ҳайдовчиларнинг электрон базаси, яъни, «Қора рўйхат»и жорий этилган бўлиб, унга кўра ушбу ҳайдовчилар автобус саройи филиалларига қайта ишга олинмасликлари қатъий белгиланган. Ҳозирда ушбу рўйхатга киритилган ҳайдовчилар сони 197 нафарни ташкил этмоқда. 18-сонли автобус ҳайдовчиси ҳам содир этган қоидабузарлиги учун ушбу рўйхатга киритилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.