Самарқанд халқаро аэропортида Tourist mаp интерактив портали ишга туширилади
Самарқанд халқаро аэропортида 2025 йил 1 октябрдан бошлаб Tourist map интерактив портали синов тариқасида ишга туширилади. Бу ҳақда Ҳукуматнинг “Туризмнинг янги турларини жорий қилиш ҳамда мамлакатимизнинг туристик салоҳиятидан самарали фойдаланишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида маълум қилинди.
Қарорга кўра, ушбу интерактив портал ички туризм инфратузилмаси бўйича аҳоли ҳамда туристларнинг хабардорлигини таъминлаш имконини беради.
Шу билан бирга, яна қуйидаги техник имкониятлар назарда тутилади:
- аэропорт, темир йўл вокзаллари, автовокзаллар, тарихий, маданий, кўнгилочар, овқатланиш ва шу каби жойлар ҳамда уларга етиб бориш маршрутлари ҳақида маълумот тақдим этиш;
- аҳоли ва туристларнинг саёҳат қилиш муддати ва қизиқишидан келиб чиқиб, саёҳат режасини тузиб бериш ва матрицали штрих код (QR-код) орқали мобил қурилмасига ўтказиб олиш имкониятини яратиш;
- туристлар оқими юқори бўлган давлатлар тилларида ахборот бериш ҳамда тегишли ҳудуднинг харитаси намойиш этиб бориш.
Қарорда қайд этилишича, аэропорт, темир йўл вокзаллари ҳамда чегара ўтиш пунктларида туристларга бир ой фаол туристик SIM-карталарни мобил алоқа операторлари томонидан бепул бериш амалиёти жорий қилинади.
Туризм қўмитаси Рақамли технологиялар вазирлиги ва Транспорт вазирлиги билан биргаликда 2025 йил 1 октябрга қадар:
- Tourist map интерактив порталини яратиш ишларини якунлаш ҳамда Самарқанд шаҳрининг халқаро аэропортида интерактив портал ускуналари жойлаштирилишини таъминлайди;
- Tourist map интерактив портали ускуналари атрофида бепул Wi-Fi зоналарини ташкил этади;
- Tourist map интерактив порталининг мобил иловасини ишга туширади.
Шарҳлар