Товуқлар бор қути остига яширилган “ПСИХОТРОП”лар
Республикамиз божхоначилари томонидан кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ички ҳудуддаги ноқонуний айланмасига чек қўйишга қаратилган тезкор тадбирлар давом эттирилмоқда. Бу ҳақда Божхона қўмитаси Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўлими бош инспектори Хусан Тангриев ўз Facebook саҳифасида маълум қилди.
Сирдарё вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.
«Пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманида ўтказилган тезкор тадбирда олдиндан кузатувга олинган шахс ўтирган “Ласетти” автотранспорт воситаси тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилди. Натижада, автомашина салонининг орқа ўриндиғида қоғоз қутида турган товуқлар тадбир иштирокчиларининг эътиборини тортди. Қарангки, паррандалар остига буғдой кепаги билан ниқоблаб яширин бўлма ҳосил қилинганлиги ва уларнинг ичига 241 дона “Мидакс” номли кучли таъсир қилувчи дори воситалари яширилганлиги фош бўлди», – дейилади хабарда.
Мазкур қонунбузарлик ҳолатини илдизи билан бартараф этиш мақсадида тезкор тадбир Наманган шаҳрида давом эттирилиб, фуқаролардан бирининг яшаш хонадони ва ёрдамчи хоналари кўздан кечирилди.
Кўздан кечириш давомида бу ерда истиқомат қилувчи шахс 1 дона қоғоз қутида 236 дона “Мидакс” номли кучли таъсир қилувчи дори воситаларини ўз ихтиёри билан тақдим этди.
Иккала ҳолатда ашёвий далил сифатида олиб қўйилган, хорижда ишлаб чиқарилган, аммо сифатини тасдиқловчи ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган жами 477 дона дориларнинг умумий қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 143 млн. сўмдан ошмоқда.
Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан жиноят ишлари қўзғатилди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида республикамиз божхоначилари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар билан ҳамкорликда аниқланган 142 та божхона қонунбузилиши ҳолатларида қиймати 17 млрд. 459 млн. сўмлик салкам 295 минг дона кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилган.
Шарҳлар