“Тожикистон-Ўзбекистон инвестицион компанияси”нинг устав капитали 12 млн долларни ташкил қилади
Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Душанбега ташрифи давомида Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари қўшма инвестицион компанияни ташкил қилиш ҳақида келишиб олди. Томонлар тегишли келишув лойиҳасини яқин кунларда имзолашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда “Азия-Плюс” нашри ҳужжатга таянган ҳолда ёзади.
Келишув лойиҳасида компания инвестицион ҳамкорликни фаоллаштириш, икки мамлакатнинг ишбилармон доиралари ўртасида бевосита алоқаларни ривожлантириш учун ташкил қилинаётгани айтилади.
Қўшма корхона таъсисчилари – устав капиталида 75% улуш билан Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳамда 25% улуш билан “Тожинвест” ДУК.
“Тожикистон-Ўзбекистон инвестицион компанияси”нинг устав капитали 12 млн долларни ташкил қилади. Ушбу маблағ муассислар ўртасида киритилган қўйилмалар улуши бўйича тақсимланади.
Юридик манзили Душанбеда бўлган компания Тожикистон ҳудудида қўшма лойиҳаларни молиялаштириш учун ташкил қилинади.
Компаниянинг асосий фаолият турлари этиб қуйидагилар белгиланган:
– фаолият кўрсатаётган ва янгидан ташкил қилинган хўжалик субъектларининг устав капиталларида улушларни харид қилиш йўли билан инвестиция қилиш, қарз маблағларини ажратиш, Тожикистон ҳудудида қимматли қоғозларни чиқариш;
– тожик ва хорижий инвесторларга инвестицион компаниянинг хўжалик субъектлариустав капиталидаги улушларини сотиш;
– халқаро, шу жумладан Тожикистондаги инвестицион ва молия институтлари (компаниялари) билан инвестицион ҳамкорлик;
– қўшма корхона таркибини кенгайтириш учун хорижий ва маҳаллий инвесторларни излаш ва жалб қилиш;
– Тожикистон тижорат банкларига тижорат асосида маблағлар ажратиш.
Шарҳлар