UzAuto Motors: Қирғизистонда автобуслар, енгил ва юк автомобилларини ишлаб чиқариш бошланди

Фото: Uzauto motors

2024 йил 18 июль куни Қирғизистоннинг Ак-Суу шаҳрида енгил ва юк автомобиллари ҳамда автобусларни ишлаб чиқарадиган TULPAR MOTORS заводининг тантанали очилиши бўлиб ўтди. Тадбир Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг Ўзбекистон Республикасига давлат ташрифи муносабати билан ўтказилди. Бу ҳақда UzAuto Motors ахборот хизмати хабар бермоқда.

Лойиҳа “UzAuto Motors” АЖ ва “SamAvto” МЧЖ ҚК томонидан 2023 йил 27 январдаги Қирғизистон Республикасида автомобил ва тижорат техникасини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битимга мувофиқ амалга оширилди. “DT-Technik” МЧЖ Қирғизистон томондан ҳамкор сифатида иштирок этди.

Қўшма корхонанинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров лойиҳани расман ишга тушириш учун рамзий старт тугмасини босди. Икки мамлакат ўртасида ташқи савдо, ўзаро инвестициялар, кооперация алоқаларини кенгайтириш, транспорт соҳасида ҳамкорлик қилиш учун улкан салоҳият фаол амалга оширилаётгани қайд этилди. Қирғизистонда қувватларида енгил, юк автомобиллар ва автобуслар ишлаб чиқарадиган “DT-Technik” заводининг ишга туширилиши бунинг ёрқин исботидир.

Шуни таъкидлаш жоизки, завод 4,7 гектар майдонни эгаллайди, шундан 2,8 гектар майдон SKD ишлаб чиқариш участкалари учун ажратилган.

– Биринчи босқичда йилига 10 минг дона автомобил техникасини ишлаб чиқариш, келгусида эса 30 минггача кенгайтириш режалаштирилган, – дейди UzAuto Motors АЖ бош директори Бо Андерссон.

Айни пайтда TULPAR MOTORS ишлаб чиқариш қувватларида General Motors (SKD) технологиясидан фойдаланган ҳолда Chevrolet Cobalt, Damas, Labo, Onix ва Tracker автомобилларини ишлаб чиқариш бошланди.

“DT-Technik” МЧЖ вакилларининг сўзларига кўра, ишлаб чиқарилаётган автомобилларнинг рақобатбардош устунлиги қулай ва мувозанатли нарх нисбати, функсионаллик ва сифатида бўлади.

Бундан ташқари, янги корхонада Самарқанд автомобил заводининг тижорат техникалари: ISUZU NPR75L ва ISUZU NMR77H шассиларидаги юк машиналар, ISUZU D-MAX пикаплари, шунингдек, паст сатҳли SAZ LE60 шаҳар автобуси ва SAZ HD50 шаҳарлараро автобуслари йиғилади. Эслатиб ўтамиз, SAZ LE60 автобуси Ўзбекистонда лойиҳаланган ва ишлаб чиқарилган ягона паст сатҳли автобус ҳисобланади.

–    Қирғизистон ва “СамАвто” ўртасидаги ҳамкорлик 7 йил давомида барқарор ривожланиб бормоқда. 2023 йилда 347 дона тижорат техникаларини етказиб бериб, юқори натижани қайд этди. Жорий йилда “TULPAR MOTORS” МЧЖ корхонаси ишлаб чиқариш қувватини қарийб 140 донага ташкил этиш режалаштирилган, – дейди “СамАвто” МЧЖ ҚК бош директорининг “Маркетинг ва савдо” бўйича ўринбосари Илҳом Ярашев.

Келажакда TULPAR MOTORS заводининг моделлар қатори 20 дан ортиқ турли автомобил техникасини, хусусан, енгил автомобиллар, кроссоверлар, пикаплардан тортиб юк автомобилларию автобусларни ўз ичига қамраб олади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.