Туманларда 75 минг гектар самарасиз боғлар борлиги таъкидланди
Қишлоқ хўжалиги вазирлигига Хитой ва Туркия тажрибаси асосида қишлоқ хўжалигида уруғчилик тизимини тўлиқ қайта кўриб чиқиб, экинлар ген банкини кенгайтириш чораларини ишлаб чиқиш топширилди. Ушбу ишларга 24 миллион доллар маблағ йўналтирилади.
Шунингдек, туманларда 75 минг гектар самарасиз боғлар борлиги, ҳар йили 1 минг гектардан боғни тиклаш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Бу борада янги тизим жорий қилиниб, унга кўра ҳокимликлар саноатлашган боғларни яратиш учун буюртма беради, лойиҳаларини ишлаб чиқиб, тадбиркорларга 30 йилга ижарага беради ва ушбу боғларни яратиш учун Қишлоқ хўжалиги жамғармаси орқали имтиёзли кредитлар ажратилади.
Мутасаддиларга 75 минг гектар самарасиз боғлар ҳамда 100 минг гектар паст ҳосилли пахта, ғалла ва бошқа экин ерлари ўрнида саноатлашган боғ ва токзорлар барпо қилиш бўйича уч йиллик дастур ишлаб чиқиш топширилди.
Бундан ташқари, пахта-тўқимачилик кластерларининг молиявий барқарорлиги билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди. Уларга берилган имтиёзли кредит муддати 2025 йил 1 апрелгача узайтирилиши белгиланди.
Ўтган йили пахта етиштириш учун олинган кредитни муддатида тўлиқ қайтарган кластерларга имтиёзли кредитнинг 8 фоизи қайтарилади.
Бу йил пахта хариди учун имтиёзли кредит кластерларнинг ип-йигирув корхоналарига берилади.
Кластерлар сотиб олинган пахта тозалаш заводи қийматининг камида 35 фоизини тўласа, бу мулкни гаровга қўйишга рухсат берилади.
Мутасаддиларга чуқур таҳлил қилиб, иқтисодий самарасиз, молиявий мажбурияти юқори бўлган кластерлар мақомини қайта кўриб чиқиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Йил бошидан қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқаришни молиялаштиришга 1 триллион 115 миллиард сўм йўналтирилди. Бу ўз самарасини бериб, корхоналар тўлиқ қувватда ишлашни бошлади. Ҳудудларга 5 минг 781 та техника етказиб берилди.
Ҳокимларга унумдорликни ошириш учун пахта, мева-сабзавотчиликда механизация даражасини 50 фоизга етказиш топширилди. Бунинг учун йил охиригача фермер ва деҳқонларни яна 6,5 мингта техника билан таъминлаш муҳимлиги қайд этилди.
Йиғилишда комплекслар раҳбарлари, вазирлар ва ҳокимларнинг ҳисоботлари ва режалари тингланди.
Шарҳлар