Тунда фуқароларнинг осойишталигини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик кучайтирилмоқда
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Лойиҳа билан аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилишнинг асосий принциплари, атроф табиий муҳитга шовқин орқали зарарли таъсир кўрсатганлик учун компенсация тўловлари, аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат органларининг ваколатлари белгилаб қўйилди.
Қонун лойиҳасида фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишини бузадиган ҳаракатларнинг қатъий рўйхати тасдиқланди, шунингдек фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишини бузишга йўл қўйилмайдиган вақтлар оралиғи белгиланди.
Яъни, тунги вақтда — сутканинг соат 23:00 дан 06:00 гача бўлган вақт оралиғида, шунингдек дам олиш кунлари ва қонунчилик билан белгиланган ишланмайдиган байрам кунлари соат 22:00 дан 09:00 гача вақт оралиғида — фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишини бузганлик учун маъмурий жавобгарликни кучайтириш таклиф этилди.
Депутатларнинг таъкидлашича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мамлакатда аҳолининг қулай табиий муҳитда ҳаёт кечириши учун зарур шарт-шароитларни яратиш, уларнинг саломатлиги ва осойишталигини ҳар қандай зарарли шовқинлар таъсиридан ҳимоя қилиш борасида самарали ҳуқуқий механизмларни яратишга хизмат қилади.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
Шарҳлар