Тошкент вилоятида турар жой биноси чўккани ҳақидаги хабарлар рад этилди
Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятида турар жой биноси чўккани ҳақида тарқалган хабарлар юзасидан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги расмий муносабат эълон қилди. Ушбу ҳолат аслида Наманган вилоятида аниқланган.
Мазкур ҳолат Наманган вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хоʻжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси ходимлари томонидан ўрганиб чиқилган.
Мазкур ҳолатга ичимлик суви тармоғида юзага келган носозлик сабаб бўлган. Сув сизиб чиқиб, бинонинг икки ён томонида тўпланиши натижасида турар жой атрофидаги бетон йўлак (отмоска)ларда чўкиш ҳосил бўлган ва гранит плиталар бинонинг пойдеворидан кўчган.
Асоси ва ертўла қисми ўрганилганда эса ён ва тўсувчи деворларда ёрилиш ҳамда пол қисмида чўкиш ҳолатлари кузатилмаган.
Қурувчи томонидан муаммо аниқланиши билан жойида бинонинг икки ён томон йўлагидаги чўкиш ҳолати бартараф этилиб, бетон йўлаклари қайта таъмирланган ҳамда сокол қисмидаги пойдевордан кўчган гранит плиталар жойига ўрнатилиб, ҳолат бартараф этилган.
Шарҳлар