Туркий давлатлар божхонада ягона транзит тармоғини шакллантирмоқчи

Фото: Божхона қўмитаси

Тошкентда ташкилланган халқаро тадбирда ташкилотга аъзо Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Ўзбекистон ҳамда кузатувчи давлат – Венгрия божхона хизмати раҳбарлари, Туркий давлатлар ташкилоти котибияти иштирок этди. Шунингдек, Грузия божхона хизмати раҳбари фахрий меҳмон сифатида иштирок этди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар беряпти.

Меҳмонлар дастлаб Божхона қўмитасининг замонавий Божхона расмийлаштируви маркази ва Марказий божхона лабораторияси билан танишиб, мамлакатимизда божхона соҳани рақамлаштириш йўналишида эришилган энг илғор ютуқларни эътироф этишди.

“Пойтахтдаги Симпозиумлар саройида ўтказилган Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар божхона хизматлари раҳбарларининг 9-йиғилиши асосий эътибор ташкилотнинг 2022 йилдаги Самарқанд саммитида имзоланган Туркий давлатлар ўртасида Соддалаштирилган божхона йўлагини жорий этиш тўғрисида Битимни ҳаётга тадбиқ этишга қаратилди”, – дейилади хабарда.

Шунингдек, Туркий давлатлар ташкилоти ҳудудида ягона транзит тармоғини шакллантириш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Бунда  ТИР Конвенциясининг электрон тартиботи – eTIR халқаро тизимини ташкилот ҳудудида тўлиқ қамраб олиш муҳим. Бу эса энг аввало ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида ўзаро товар айламанмаси ҳажмини ошириш, ушбу жараёнда сарфланадиган вақт ва молиявий харажатларни қисқартиришда муҳим аҳамият касб этади.

“Ушбу халқаро тизимга Озарбайжон, Ўзбекистон ва Грузия қўшилган бўлиб, 2022 йил декабрь ойида дунёда илк бор Озарбайжон ва Ўзбекистон биринчи eTIR ташувини амалга оширган”, – дейилади.

Йиғилишда Божхона қўмитаси Раиси Акмалхўжа Мавлонов eTIR ташувлари бўйича минтақавий ўзаро ҳамкорликка хизмат қилувчи Экспертлар ишчи гуруҳини ташкил этиш таклифини илгари сурди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.