Туркияда олтин контрабандаси билан шуғулланган олти нафар ўзбекистонлик аёл ушланди

Фото: IHA

Измир (Туркия) аэропортида жинсий аъзоларига 9 килограммдан ортиқ тиллани яшириб олиб ўтмоқчи бўлган олти нафар ўзбекистонлик аёл ушланди. Бу ҳақда Туркиянинг IHA  ахборот агентлиги хабар беради.

Воқеа 2 октябрь куни содир бўлган. Аёллар Туркияга БААдан келган. Туркия ҳуқуқ-тартибот идоралари тайёрланаётган контрабанда ҳақида маълумот олиб, уларни аэропортдан чиқишда ушлаган.

Уларни кутиб олишга келган эркак ҳам қўлга олинган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан автомашинани кўздан кечириш чоғида ҳар бирининг оғирлиги 110 грамм бўлган 82 дона тилла қуйма, 18 дона ўйин приставкаси ва контроллери (PlayStation), шунингдек, 3 дона смартфон олиб қўйилган.

Бундан ташқари, аёлларнинг жинсий аъзоларига ҳар бири 110 грамм оғирликдаги яна 84 та қуйма олтин тикилгани маълум бўлди. Қуймаларни олиш учун жарроҳлик амалиёти зарур бўлди. Йўловчиларнинг жинсий аъзоларидан умумий оғирлиги 9 кг 240 грамм бўлган барча қуймалар олинган.

Оғирлиги 18,5 кг бўлган 166 та олтин қуймаларининг умумий бозор қиймати 1,5 миллион долларни ташкил этган. Аёл курьерлар ва уларни кутиб олган эркак Измир суди томонидан ҳибсга олинди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.