Туркиянинг жануби-шарқида кучли зилзила содир бўлди. Юздан ортиқ киши ҳалок бўлган
Туркиянинг жануби-шарқида кучли зилзила юз берди, у қўшни мамлакатларда ҳам сезилди, деб ёзади “Медуза”.
Тошкент вақти билан соат 11:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг Туркиядаги дипломатик ваколатхоналарига зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар ҳақида маълумот келиб тушмаган.
Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон фуқароларига зарурат туғилганда мамлакатимизнинг Анқарадаги элчихонаси (+90-312-441-38-71, +90-312-441-17-46) ёки Истанбулдаги бош консуллигига мурожаат қилишни (+90-212 – 323-20-37, +90-212 -323-20-39) тавсия қилди .
Юз берган кучли зилзила оқибатида кўплаб одам қурбон бўлгани ва жиддий жароҳат олгани, катта талафотлар кўрилгани муносабати билан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғанга ҳамдардлик йўллади. Қардош Туркия етакчиси ва халқига чуқур таъзия изҳор этиб, давлатимиз раҳбари вафот этганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди, жабрланганлар тез фурсатда соғайиб кетишини тилади.
Туркия Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг маълум қилишича, Қаҳраманмараш вилоятининг Пазаржик туманида маҳаллий вақт билан соат 04:17 да (Москва билан бир вақтда) 7,4 магнитудали зилзила етти километр чуқурликда содир бўлган. Европа-Ўртаер денгизи сейсмология маркази ва АҚШ Геология хизмати маълумотларига кўра, гап 7,8 магнитудали зилзила ҳақида кетмоқда.
Кейинчалик яна 42 та ер силкиниши содир бўлди, уларнинг энг кучлиси 6,6 баллни ташкил этди. Ерости силкинишлари Туркиянинг бир қанча ҳудудларида: Адана, Анқара, Анталия, Ғазиантепа, Қайсери, Мерсин, Трабзон, Шанлиурфа, шунингдек, Сурия, Ливан, Ироқ, Миср, Греция, Кипр ва Арманистонда сезилди, дея хабар беради Al Hadath нашри.
Айни пайтда Туркия ва қўшни Сурияда 300 дан ортиқ ўлим ҳолатлари маълум. Туркия фавқулодда вазиятлар агентлигининг маълумотларига кўра, камида 76 киши ҳалок бўлган, 440 дан ортиқ киши жароҳатланган. Сурияда 237 киши ҳалок бўлган, яна 639 киши жароҳатланган, дея хабар беради маҳаллий Соғлиқни сақлаш вазирлиги. Ҳалаб, Латакия, Хама ва Тартус вилоятларида ҳалок бўлганлар ва яраланганлар борлиги айтилмоқда.
Туркия ва Суриянинг бир қанча шаҳарларида бинолар қулаб тушган. Биргина Туркия шарқидаги Малатья вилоятида 140 та бино қулаган. Туркия ҳарбий-ҳаво кучлари зилзила оқибатларини бартараф этишга транспорт самолётларини жалб қилди. Қидирув-қутқарув ишларида қатнашиш учун Истанбулдан 1000 га яқин кўнгилли мамлакат жанубига ташланди.
Суриянинг «Оқ дубулғалар» хайрия ташкилоти Сурия шимоли-ғарби «фалокат зонаси» эканлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, юзлаб одамлар жароҳатланган ва вайроналар остида қолган. Сурия Мудофаа вазирлиги қутқарув ишлари ва жабрланганларга ёрдам кўрсатиш учун бутун мамлакат бўйлаб ўз кучларини сафарбар қилганини маълум қилди.
Туркия энг юқори огоҳлантириш даражасига эга. Мамлакат расмийлари халқаро ёрдам сўраган. «Анадолу» хабарига кўра, Туркия президенти Ражаб Эрдўғон Адана, Малатья, Ғазиантепа, Диярбакир, Ҳатай, Адияман, Усмония ва Шанлиурфа вилоятлари губернаторлари билан ҳам телефон орқали мулоқот қилган. Унга зилзила оқибатлари ва қидирув-қутқарув ишлари ҳақида маълумот берилган.
Шарҳлар