Япония ва Туркия ҳамкорлигида Самарқандда қиймати 300 миллион долларлик кўп тармоқли тиббиёт маркази қурилади

Фото: ССВ

Соғлиқни сақлаш вазирлигида Япония ва Туркия делегациялари билан учрашув бўлиб ўтди.

Унда Соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарувчи Асилбек Худаяров, Япониянинг “Sojitz” корпорацияси бош ижрочи директори Масаёши Фужимото, Япония халқаро ҳамкорлик банки (JBIC) президенти Тадаши Маеда, Туркиянинг “Rönesans International” компанияси бош директори Каан Кемал Экерменлар иштирок этди.

Учрашув жорий йилнинг 17-21 июнь кунлари вазир ўринбосари Ф.Ташпулатов бошчилигидаги делегациянинг Япония давлатига ташрифи доирасида эришилган келишувларнинг мантиқий давоми ҳисобланади.

Ушбу давлатларнинг бир қанча тиббиёт олийгоҳлари билан ҳам ҳамкорлик йўлга қўйилиб, қўшма таълим дастурлари асосида биргаликда бўлажак тиббиёт мутахассислари тайёрланмоқда ва айни пайтда ушбу мамлакатларнинг нуфузли компаниялари билан инвестициявий, давлат-хусусий шериклик ҳамда грант лойиҳалари устида иш олиб борилмоқда.

Меҳмонлар мамлакатда соғлиқни сақлаш соҳасида хорижий инвесторлар ва хусусий сектор вакиллари учун кенг имконият ҳамда қулайликлар яратилганини қайд этди.

«Тиббиёт соҳасида яратилган соғлом рақобат муҳити туфайли аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати ва қамрови ошиб бормоқда. Хусусан, сўнгги 8 йилда мамлакатда хусусий шифохоналар 2,7 баробарга кўпайиб, уларнинг сони 8 800 тага етди ва бу кўрсаткич ҳар йили ўртача 500-600 тага ортяпти» – дейилади хабарда.

Учрашувда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Япониянинг “Sojitz” корпорацияси ва Туркиянинг “Rönesans” компанияси ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

Унга кўра, Самарқанд вилояти аҳолисига тиббий хизмат кўрсатишни яхшилаш мақсадида давлат-хусусий шериклик асосида Самарқанд шаҳрида 800 ўринли кўп тармоқли тиббиёт марказини ташкил этиш бўйича қиймати 300 миллион доллар бўлган лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган. Мазкур клиникани қуриш ишлари 2025 йилда бошланиши режалаштирилган.

Шунингдек, томонлар кейинчалик лойиҳа доирасида ушбу клиника негизида биргаликда тиббий кадрлар таёрлашга ҳам келишиб олди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.