Туркманистон Ўзбекистонга йилига 2 млрд кубометргача газ етказиб беради
Ўзбекистоннинг UzGasTrade компанияси ва «Туркмангаз» ўртасида йилига 2 миллиард кубометргача туркман газини етказиб бериш бўйича қисқа муддатли шартнома имзоланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Энергетика вазирлигининг раҳбари Жўрабек Мирзамахмудов Туркманистон давлати ахборот порталига берган интервьюсида маълум қилди.
Мирзамахмудов ва Туркманистон бош вазири ўринбосари, ёқилғи-энергетика комплексига масъул Ботир Аманов ўртасидаги музокаралар чоғида бу борадаги келишувга эришилган. Шунингдек, электр энергияси, нефть, нефть маҳсулотлари ва кимё саноати маҳсулотларини етказиб бериш бўйича ҳамкорлик масалалари ҳам муҳокама қилинган.
Мирзамахмудовнинг қайд этишича, томонлар узоқ муддатга ва етказиб бериш ҳажмини кўпайтириш билан узоқ муддатли шартнома тузиш имкониятларини кўриб чиқмоқда. Шунингдек, у томонлар электр энергиясини етказиб бериш, электр энергиясини учинчи давлатларга транзит қилиш, шунингдек, нефть, нефть маҳсулотлари, кимё саноати маҳсулотларини, хусусан, фосфат ва азотли ўғитлар, каустик ва кальцинацияланган сода, хлор етказиб бериш соҳасида ҳамкорлик қилиш масалалари ҳам кўриб чиқилганини билдирди.
Шарҳлар