Туркманистонда Ашхобод прокурори ишдан бўшатилди ва ҳибсга олинди
Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳар прокурори Овезмаммед Шихмаммедов истеъфога чиқарилди ва ҳибсга олинди, деб хабар беради Turkmen.news.
Шихмаммедовнинг истеъфоси тўғрисида мамлакат президенти Сердар Бердимуҳамедов томонидан 2 февраль куни имзоланган фармонда айтилишича, прокурор “хизмат мажбуриятларини тегишлича бажармагани ва ўз ишида жиддий камчиликларга йўл қўйгани учун” лавозимидан озод этилган.
Нашр манбаларига кўра, Шихмаммедов Миллий хавфсизлик вазирлиги ходимлари томонидан тунда ҳибсга олинган, аммо бунинг сабаблари ҳатто прокуратура ходимларига ҳам маълум эмас.
Нашр эслатишича, икки ҳафта аввал Туркманистон бош прокурори Сердар Маликгулиев “ўз хизмат вазифаларини мувофиқ тарзда бажармагани ва прокуратура фаолияти паст даражада ташкил этилгани” сабабли ишдан бўшатилган эди. У ушбу лавозимда бор-йўғи бир ярим йил ишлаган.
Туркманистонда прокуратура ходимларининг ҳибсга олиниши билан боғлиқ ҳолатлар тез-тез учраб туради. Хусусан, 2017 йилда прокуратура ва Ички ишлар вазирлигининг ўнлаб ходимлари қўлга олинганди. 2019 йилда эса икки прокурор ҳамда ИИВ собиқ раҳбари Искандар Муликов ҳам ҳибсга тушганди.
Шарҳлар